Aziz Yunus Profile Picture
UMMA TOKEN INVESTOR

Aziz Yunus shared a
Translation is not possible.

Индамаслар оламин сайр айладим,

Сайр этиб мен бериё хайр айладим,

Энг ажб олам экан бу олами,

Сайр қилсин бўлса ҳар кимнинг ғами.

Унда беравзан экан ҳар бир бино,

Ул биноларнинг ичинда йўқ ҳаво,

Сўриси йўқ, саҳни йўқ, айвони йўқ,

Ақраболар йўқ, азиз меҳмони йўқ.

Беўчоғу бепалосу бетанур,

Бетаому белибосу қайда нур,

Томи ҳам, девори ҳам тупроғ эрур,

Эски ғордан ҳам қоронғуроқ эрур,

Қору ёмғир томларин қилмиш хароб,

Лойга айланмиш тани олийжаноб,

Бу бинолар ёнма-ён, катта-кичик,

Баъзиси кимнинг уйи номи битик.

Баъзисин устида нақшинкорлик,

Санги мармарга битик ёдгорлик.

Эрми, хотинми, қарими, ёшми,

Ёки жоду кўзми, қийғоч қошми,

Камбағалми, бойми ё олимидин,

Ёки ҳоким, ё ҳаким ул ким эди.

Ё гадоми, ё ҳалим ёки чапан,

Ким таниб олгай суякнинг рангидан.

Бир-биридан фарқи йўқ ҳеч кимсанинг,

Пўсти йўқ сўнгак эрур жисми анинг.

Ким такаббур бўлса ҳам даъвоси йўқ,

Нозанинлар нозу истиғноси йўқ.

Макр этишга ҳоли йўқ маккорнинг,

Ҳоли йўқ тоат учун диндорнинг.

Бир нафас ҳам оғзи бадбўй маст йўқ,

Сўккучи тил, ургучи зўр даст йўқ.

Қўйди-чиқди йўқ унинг рўзғорида,

Урди-йиқти йўқ унинг бозорида.

Бирни юзга, юзни мингга сотгучи,

Ажралиб сармоядан жим ётгучи.

Элни беҳуда маломат айлаган,

Оғзидан гул ўрнига чиқмиш тикан.

Кимсада йўқ мадҳу васфу лофу қоф,

Йўқ ғараз ҳам дағдаға, жангу масоф.

Ким риёкору мунофиқ, беҳаё,

Қолмиш элнинг лаънатига доимо.

Беадаб, безорию хулқи ёмон,

Улфати бўлмиш ул манзилда илон.

Бунда мансаб йўқ, хушомадгўй йўқ,

Зебу зийнат бирла рангу бўй йўқ.

Бунда йўқ ҳеч кимга таҳқири назар,

Хор кимдир, билмадим ким мўтабар.

Балки майгун лабдан унмиш лолалар,

Лола юзлар қайда, йўқдир волалар.

Жим ётур ман-ман деган боз-бозлар,

Бетида тупроғ эрур пардозлар.

Тадбиру пуркорлик қўл келмамиш,

Ҳийлаю айёрлик қўл келмамиш.

Қўл узатмайдир тама’ бирла гадо,

Йўқ сахий аҳлида ҳам лутфу сахо.

Пора-пора порахўрлар жисми ҳам,

Эл аро буткул йўқолмиш исми ҳам.

Ноилож золим ётибдир бемажол,

Нотавон мазлумда ҳам йўқ қийлу-ҳол.

Оғзида тупроғ хасис, очкўз, бахил,

Ҳаммасин еб ебти қўймай йилма-йил.

Алдаёлмасдан ётур алдоқчилар,

Коми қум тўлган ётур айғоқчилар.

Қўйнида йўқдир қаламкаш дафтари,

Йўқ эрур қонхўр қўлида ханжари.

Йўқ уларда ихтиёру иқтидор,

Қишми, кузми, бехабар, ёзми, баҳор.

Қанча минг йиллар эрурки кун ботур,

Қанча минг йиллар эрурки тонг отур,

Кеча кундуздан хабарсиздир улар,

Буткул эрмас бу тасаввур мухтасар.

Тек ётур, хомуш ётур, жим-жим ётур,

Тупроғин баъзан шамол бир қўзғотур.

Ота-она бирла фарзанд бир-бирин,

Чеҳрасига ташлай олмас кўз қирин.

Эру хотин, бирла хешу ақрабо,

Бир-биридан бехабардур мутлақо.

Бу сўзим эрмас хурофотдан дарак,

Бу ҳақиқат олами – ибрат демак.

Соати бунда саёҳат айладим,

На саёҳат, минг надомат айладим.

Кўзда ёшим бўлган эрди пардадор,

Йиғлади дил парда ичра зор-зор.

©️ Чустий

Send as a message
Share on my page
Share in the group