Temurbek Mirzayev Profile Picture
UMMA TOKEN INVESTOR

Translation is not possible.

Ҳабиб бобо тўртинчи Мурод даврида фақирона, дарвешона яшаган, аммо кўнгли юксак даражалардаги Аллоҳнинг бир валий дўстларидан эди. Бир куни у ҳажга бориш нияти билан Эрзурумдан йўлга чиқиб, узун ва машаққатли йўлчиликдан сўнг Истанбулга етиб келади. Ўша куни карвонга кеч қолиб, кетолмайди. Йўл юриб чарчаган ва чанг тўзонда кирланган Ҳабиб бобо ҳаммомга кириб тозаланмоқчи бўлди.

Ҳаммомга бориб ичкарига кирмоқчи эди. Лекин ҳаммомчи Ҳабиб бобони Ичкарига қўймайди.

- Узр, бобо. Сизни ичкарига қўёлмайман.

- Нега қўймайсан? Ҳақини бермайди, деб қўрқасанми?

— Йўқ, бобо. Вазирлар ичкаридалар. Улар ҳеч кимни киритмаслигимни буюрдилар.

– Болам! Узоқ йўл юриб келдим. Бир қадам юришга ҳам мажолим қолмади. Яхшигина кир бўлдим. Бу кир ҳолимда Роббимга ибодат қилишга уяламан. Илтимос, овоз чиқармай тезда ювиниб чиқаман.

Ҳаммомчи кўнгли бўш, инсофли одам эди.

— Кўндирдингиз. Ҳўв ичкарида кичик хона бор. Ўша ерга кириб тез ювиниб чиқа қолинг. Пулингиз ҳам керакмас. Вазирлар билмасалар бўлди.

Ҳабиб бобо севиниб, кўрсатилган хонага кириб ювина бошлади. Шу вақтда яна бир муштарий ҳаммомга чўмилиш учун келди. Бу гавдали, келишган йигит фақир ҳолга кириб олган IV-Муроднинг ўзи эди. У ўзининг вазирлари усиз ҳаммомда нима қилаётганларини билиш учун кўринишини ўзгартириб келган эди.

У билан ҳаммомчи ўртасида яна айни диалог:

– Киритолмайман...

— Киритасан...

Охири илтимосларга йўқ деёлмайдиган инсофли ҳаммомчи унга ҳам Ҳабиб бобо ювинаётган хонани кўрсатди.

- Шу кичик хонада бир қария ювиняпти. Сен ҳам у ерга кириб жимгина ювиниб чиқа қол.

Султон Мурод ҳам хонага кириб ювина бошлади. Ёнидаги қарияга қараб:

— Бу ерлик эмасга ўхшайсиз. Қаерлардан келдингиз?

Ҳабиб бобо ёнидаги одамнинг Султонлигидан хабарсиз ҳолда:

- Эрзурумдан келдим. Ҳажга кетмоқчи эдим. Кетолмадим.

Бобо йигитни ўзидек бир фақир деб ўйлайди. Унинг устига қараб: – Орқанг анча кир шекилли. Кел орқангни кесалаб қўяй, деди.

Султон Муродга бу сўз бошқача таъсир қилди. Қилади-да! Чунки, ҳаётида биринчи маротаба унга, подшоҳлиги учун эмас, инсон бўлгани учун, ҳеч бир фойда кўзламасдан бир ёрдам таклиф қилинаётган эди. Рози бўлди. Елкасини ўгирди. Бобо Султонни яхшилаб орқаларини кесалаб қўяди. Инсон яхшиликнинг қули. Бундай хизматга жавобан у ҳам қариянинг орқасини ишқалаб қўяй дейди. Бобо ҳам, майли дейди.

Бу вақтда вазирлар чўмилаётган катта бўлимдан қўшиқлар овози, яйраб дам олаётган шовқинли овозлар келар эди. Султон Мурод бобонинг орқасини ишқалар экан, бободан гап олмоқчи:

– Бобо, дунёнинг ишларига қаранг. Султонга вазир бўлиш қандай яхши-а? Биз эса сиз билан бу ерда ўғрилардек...

Ҳабиб бобо Султоннинг гапини тугатишга ҳам фурсат бермади. Ва асрлар оша бизгача етиб келган гапини айтди:

– Ўғлим, қўй шу Султонга вазир бўлишни. Ким бўлибди у? Сен яхшиси, оламларнинг Султонига вазир бўл. Керак бўлса, Султон Мурод сенинг орқангни ишқалайди...

Send as a message
Share on my page
Share in the group