ЎЗИНГИЗДАН КЕТМАНГ!
Интернетда бугун бир аёл ҳижобини ечганини кўрдим. Уни олқишлаб зал тўла одам қарсак чалди. Тафсилотини била олмадим. Қайси давлатда бўлди, нима учун бундай бўлди билмадим...
Аммо шуни биламанки, ер юзидаги ҳамма аёллар ҳижобини ечса ҳам Аллоҳга зарра миқдорида зарар етказа олмайди...
Аммо шуни биламанки, ер юзидаги барча аёллар ҳижобга кирса ҳам Аллоҳга зарра миқдорида фойда бера олмайди...
Биз ибодатимиз билан масжидларни тўлдириб ташласак ҳам бундан Аллоҳга фойда йўқ...
Биз гуноҳларимиз билан ер юзини фасодга айлантириб ташласак ҳам бундан Аллоҳга зарар йўқ...
Барчаси ўзимизга. Ўзимизга кўп ҳам катта баҳо бериб юбормайлик. Шунақа инсонларни кўрдим, пулининг ҳидига ухлай олмас эди. Охир чоғида оғзидаги оқаётган сўлагини артишга ўзида куч топа олмади...
Анча илгари, аниқроғи шу йилнинг бошларида Петронелла Уайаат бутун Европани ларзага солган мақоласини эълон қилди. Британиялик бу ёзувчи аёл бутун умр аёллар фикрини заҳарлаб келиш билан шуғулланган. Ҳаётини шунга тиккан эди. Ва нихоят унинг кўзлари очилди...
Олдинги бузилган ҳаётини эҳтимол тиклай олмас, аммо бутун умр ўзи ичиб келган заҳарли қадаҳнинг охирги томчиларини ичишни истамади. Унинг бу иши ҳар қанча эҳтиромга арзийди. Чунки хатони эътироф қилиш ва ундан қайтиш унда бир умр давом этишдан яхшироқдир...
Петронелла Уайаатнинг қуйидаги фикрлари менинг эътиборимни тортди:
1. Мен турмушга чиқмадим. Фарзандларим йўқ, ёлғизман. \"Аёллар ҳаракати\" мени бахтсиз қилди. Мен фарзандларимни бой бердим...!
2. Дугоналарим билан учрашаман. Ҳаммамиз элликдан ўтдик. Олий маълумотли бўлдик, яхши жойларда ишладик. Аммо ҳаётимизда бўшлиқ бор. Бизнинг фарзандимиз йўқ...!
3. Бугун бошқа дугоналарим каби мен ҳам бизнинг \"Аёллар ҳаракати\"миз келажак авлодни барбод қилганини кўп эслаяпман. \"Аёллар фалсафаси\" зарарли бўлиб чиқди...!
4. \"Аёллар ҳаракати\" бизга анъанавий аёл эркаклар ўзининг манфаати учун ихтиро қилган стандарт аёлдир деб ўргатди. Шу туфайли мен эркаклардан жиркана бошладим. Бугун эса бунинг бадалини тўлаяпман...!
5. Мен ва дугоналаримга нисбатан энди вақт ўтди. Аммо биз \"Аёллар ҳаракати\"га келажак авлодимизни ҳам барбод қилишига йўл бермаслигимиз керак...!
Азиз сингилларим! Уйларни хароб қилувчи бундай ҳаракатлардан эҳтиёт бўлинг. Улар сизга эркак билан аёл ўртасида фарқ йўқ дейишади. Эркак билан рақобатлашинг, ундан ўзинг дейишади. Биз эркаклар билан тенгмиз, дейишади. Гендер тенглик ҳақида бонг уришади. Улар сизга ҳаётни эркаклар билан жанг деб тушунтиришади. Эркакларни дўст, ҳимоячи эмас, душман қилиб кўрсатишади.
Сиз фитратингиздан биласизки, эркаклар бошқа хилқат, сиз эса бошқа хилқатсиз. Улар сизга ўхшамайди, сиз эса уларга.
Сиз улар билан, улар эса сиз билан бирга бўлиш учун дунёга келгансизлар. Сиз ундаги нуқсонни тўлдирасиз, у эса сиздагини!
Сиз эркаклар билан ёқалашгунча уларнинг қўлидан тутинг. Сиз улардан яралгансиз. Сиз уларнинг бир қисмисиз. Эркаклар эса сизнинг борлиғингиздир!
Аёл кишининг саодати ўзи яхши кўрган ва аёли ҳақида Аллоҳдан қўрқадиган эркакнинг химояси ва ғамхўрлиги остида бўлишидир.
Улар сизга ҳали \"қўзғолинг, бу жамият сизга хўжайинлик қилмоқчи\", ҳам дейишади. Сиз жангга киришасиз. Бутун умрингизни қонга бўяйсиз. Сўнгра умр ўтгандан сўнг Дон Кихот шамол тегирмони билан жанг қилгани каби улар ихтиро қилган мавҳум душман билан курашганингизни англайсиз.
Ўрнида сарфланмаган куч ва қувватингиз ҳамда ёшлигингиз оила аталмиш буюк неъматни йўқотишингизга, хотиржамликдан айрилишингизга, умрингиз охирида катта хонадонда ўргатилган ит ёки мушук билан яшашга сабаб бўлади.
Улар сиздан муҳаббат, оилага эътибор каби нарсаларни тортиб олиб ўрнига ит билан мушук беришади.
Улар сизга \"тананг сенинг мулкинг, уни истаганингга бер, истаганингдан ман қил\" дейишади. Умрингиз поёнида эса ўзингизни тўшакда ўйинчоқ бўлганингизни ҳис қиласиз. Инсон ёши ўтгани сари ёлғизликни қанчалар совуқ эканлигини, қанчалар инкор қилмасин бу совуқдан руҳи титраётганини англаб боради. Бошқа аёлларнинг оиласи, фарзанди, набиралари борлигини, уларни яхши кўришини англайсиз.
Сизда эса яхши кўриш ва яхши кўрилиш учун ҳеч кимса йўқлигини ўшанда биласиз.
Ана ўшанда турмуш ўртоғингизнинг иссиқ қучоғи ва оиладаги омонлик энг катта неъмат эканлигини англайсиз.
Улар сизга \"аёлларни хорлашди, уларга зулм қилишди\", дейишади. Ҳа тўғри, ғарб аёлларни хорлади, уларга зулм қилди. Унинг танасини хорлади. Уни бир матога айлантирди. Ҳатто машина мойининг рекламасида ҳам ярим яланғоч аёлнинг суратини жойлайдиган бўлишди.
Ғарб аёлларга зулм қилди. Уни иш бозорига улоқтирди. Бутун ҳаёти мусобақага айланди. Авлод бинокоридан ишлаб чиқарувчига айлантирди.
Аммо сизга ким зулм қилди?!
Агар бизда ҳали ҳам аёлларга зулм қиладиган эрлар бор экан, демак сизлар хотинликни тушунмаганингиз каби улар ҳали эрликни яхши тушунишмабди. Сиз турмуш қуришингиз, фарзанд кўришингиз, тушунчаларни тузатишингиз лозим эди.
Жамиятимиздаги оилаларга боқинг. Бугун ибратли оилалар жуда кўп. Унда оналар дунё маликаси каби бошларга кўтарилади. Чунки уларнинг оёғи остидадир жаннат.
Хотин эъзозланади, ҳурмат қилинади, эркаланади. Чунки эрларнинг яхшиси хотинларига яхши муносабатда бўлганидир.
Қизларга шабадани теккани қўйишмайди. Улар гўё уйларимиз маликаси.
Амма, хола ва яқинларимиз эса бир учи Аршга боғланган арқондирлар.
Бу дин биргина муслима аёлнинг фарёди сабаб Бағдоддан қўшин тортиб Европагача келган ва уни озод қилган. Сиз ана шундай буюк динга мансубсиз.
Ғанимлар сизни қандай қилиб арзимас эканлигингизга ишонтиришди?!