1 day Translate
Translation is not possible.
ИЧКИЛИККА БЕРИЛГАН ОТАГА ҚАНДАЙ МУНОСАБАТДА БЎЛИШ КЕРАК?
#одоб-ахлоқ
 
❓342-CАВОЛ: Менинг отам ичкиликка берилган. Гоҳида ўз бувимни яъни ойисини сўккан ҳолларини ҳам кўрдим. Мен ва бувим намоз ўқиймиз. Шунда ҳам дадам тўғри йўлга кирмайди. Қандай маслаҳат берасиз. Ичкиликка бўлган нафрат ота-онани ҳурмат қилишдан тўсса нима қилиш даркор? Жавоб учун раҳмат.
 
💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Аллоҳ таоло отангизни бундай иллатдан халос этсин. Бундай вазиятда Сиз намозларингизда у кишининг ҳақларига дуо қилиб, Аллоҳ таолодан қалбларига ҳидоят нурини солишини сўрашингиз лозим. Ота-онаси ким бўлишидан қатъий назар уларга озор бериш улкан гуноҳ бўлиб, бу ишни қилган киши ота-онага оқ бўлиши эҳтимоли катта. Исломий манбаларда раҳмат фаришталари бут ва санамлар бор уйларга, ота-онасига оқ бўлган кимсалар бор жойга ва ҳеч меҳмон келмайдиган хонадонларга кирмасликлари ҳақида маълумотлар берилган.
 
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
 
"لعن الله من لعن والديه..." (رواه الامام مسلم عن علي بن أبي طالب رضي الله عنه)
 
"Она-отасини лаънатлаган(азият берган)ни Аллоҳ таоло лаънатлайди..." (Имом Муслим ривоятлари).
 
“Лаънат” сўзининг луғавий маъноси нафратланиш, дуоибад қилиш, совиш, безиш каби маъноларида келади. Исломий истилоҳда эса Аллоҳнинг раҳматидан маҳрум қилиш маъносида ишлатилади.
 
Аллоҳ таоло лаънатлаган кимсани фаришталар ҳам лаънатлайдилар. Ҳадисга эътибор берилса, ота-она томонидан азият берган фарзанди ҳақига ҳеч қандай муносабат, яъни дуоибад, қарғиш каби ҳаракатлар содир этилмаса ҳам Аллоҳ таоло бундай инсонни ота-онаси кўнглини оғритгани учун лаънатлаши маълум қилинмоқда.
 
Аллоҳнинг раҳматидан маҳрум бўлганнинг ёнига малоикалар ҳам бормайдилар. Инсон учун бундан ортиқ хўрлик бўлмайди, Аллоҳнинг ўзи асрасин.
 
Исломий одоб китобларимизда ҳатто кофир бўлган ота-онага хизмат қилиш, нафақаларини бериш, зиёратларига бориб кўнгилларини хушнуд қилиб туришга ҳам буюрилади. Шариатга зид бўлмаган ҳар қандай буйруқларини бажариш жоизлиги кўрсатиб ўтилган. Фақат куфрга олиб борувчи вазифаларни буюрадиган бўлсаларгина зиёратларига бормасликка буюрилган.
 
Шунинг учун ҳам ота-онани йиғлатмасдан, уларга исён қилиш ўрнига уларни хурсанд қиладиган амалларни бажариб, дуои хайрларини олишга ғайрат қилиш керак. Бу борада Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам учта инсоннинг дуолари қабул қилинишини маълум қилиб, уларнинг орасида “Ота-онанинг фарзанд ҳақига қилган дуоси”ни ҳам зикр қилганлар.
 
Демак, Сиз ҳам юқоридаги маълумотларни ўз ҳаётингизга татбиқ қилган ҳолда, оила аъзоларингиз жумладан, отангизга ҳам етказишингиз керак бўлади. Отангиз томонидан ногаҳон зарар кўрган тақдирингизда ҳам у кишига қўполлик қилмасдан, ҳақларига ёмон дуо эмас балки, яхши дуо қилишингиз лозимдир. Валлоҳу аълам.
 
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази. fatvouz
image
Send as a message
Share on my page
Share in the group