4 day Translate
Translation is not possible.
ЖАННАТГА КИРИШ ТАҚДИРГА ЁЗИЛГАН БЎЛАДИМИ?
#ақида
❓332-САВОЛ: Жаннатга Аллоҳ таоло хоҳлаган бандасини киритишини баён этган. Жаннатга кириш ҳам тақдири азалда ёзилганми?
💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Албатта ҳар бир иш тақдирда битилгандир. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом:
كُلُّ شَيْءٍ بِقَدَرٍ حَتَّى الْعَجْزُ وَالْكَيْسُ (رواه الامام مسلم عن عبد الله بن عمرو رضي الله عنهما)
Яъни: “Ҳар бир нарса қадар биландир. Ҳатто ожизлик ва уддабуронлик ҳам”, – деганлар (Имом Муслим ривоятлари).
Шу жумладан жаннатга тушадиганлар ва дўзахга тушадиганлар ҳам Аллоҳ таолонинг тақдирида маълумдир.
Бу ўринда энг асосий нарса тақдир тушунчасини тўғри англашдир. Шунда бизга мавҳум ёки муаммоли бўлиб қолган барча нарсалар ўз ечимини топади. Кўпчилик инсонлар “Тақдир” сўзининг маъносини янглиш тушунадилар.
Аллома Хаттобий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Кўпчилик инсонлар қазо ва қадарнинг маъносини Аллоҳ таоло бандаларини ўзи олдиндан тақдир қилиб битган ва ҳукм қилган нарсага мувофиқ яшашга мажбурлашидир деб тушинадилар. Лекин қазо ва қадарнинг маъноси улар ўйлагандек эмас. Балки тақдир дегани Аллоҳ таолонинг бандалар эндиликда қиладиган касбларини олдиндан билиши ва ана шу касблар Аллоҳ таолонинг ўлчови остида амалга ошмоқлигидир".
Ибн Ҳажар ал-Ҳайсамий қазо ва қадарга қуйидагича таъриф берганлар:
و القضاء علم الله أولاً بالأشياء على ما هي عليه ، و القدر إيجاده إياه على ما يطابق العلم
яъни: “Қазо бу Аллоҳнинг барча нарсаларни эндиликда қандай бўлишини аввалдан билмоқлигидир. Қадар эса ана шу билган нарсаларини мазкур илмига мувофиқ пайдо қилишидир”.
Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий ўзларининг “Куброл яқинийат ал-кавния” китобларида: “Қазо бу Аллоҳ таолонинг барча нарсаларни келажакда қандай бўлишини билишидир. Қадар эса – Аллоҳ таоло мазкур нарсаларни амалда (воқеъда) ўзининг азалий илмига мувофиқ пайдо қилишидир”, – деб таърифлаганлар.
Мазкур таърифлардан хулоса қилиш мумкинки, Аллоҳ таоло тақдир орқали ҳеч бир инсонга босим, мажбурият юкламайди. Шунинг учун банда Аллоҳ таолонинг раҳматидан умид қилиб, азобидан қўрқиб, динимизда буюрилган солиҳ амалларни қилиши, қайтарилган ишлардан буткул четланиши зарур. Тақдир бу Аллоҳ таолонинг азалий илмидан иборат нарсадир. Яъни бандаларнинг нима қилишларини Аллоҳ таоло олдиндан билади ва шу сабабли улардан қайсилари жаннатга лойиқ ва қайсилари дўзахга лойиқ эканини ҳам билади. Аллоҳнинг илмида кимлар жаннатий ва кимлар дўзахий экани маълум. Тавфиқ Аллоҳдандир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази. fatvouz
image
Send as a message
Share on my page
Share in the group