2 day Translate
Translation is not possible.

ЭҲРОМДАН ЧИҚИШДА СОЧНИ ҚАНЧА МИҚДОРДА ҚИСҚАРТИРИЛАДИ?

#Ҳаж_умра

❓247-САВОЛ: Умра зиёратига борганимизда эҳромдан чиқиш асносида бошни турли жойларидан бир нечта соч толаларини қисқартириб, эҳромдан чиқиш ҳолатларига гувоҳи бўлдик. Аслида сочни энг камида қанча миқдорда қисқартириш керак?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Ҳаж ёки умра амалларини тугатгандан кейин, сочнинг ҳар жойига бир неча қайчи уриб қўйиш билан киши эҳромдан чиққан бўлмайди. Ё сочнинг ҳаммаси олинади, ёки сочининг ҳамма жойидан бармоқнинг бир бўғини миқдорида (тахминан 3 см) қисқартирилади. Аёллар учун фақат қисқартириш бор. Улар ҳамма сочини жамлаб, учидан бир бўғин узунлигида қисқартиради.

Жумҳур уламо наздида ҳаж ёки умрада сочни олдириш ёки қисқартириш савобли ибодатдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:

{ لَتَدْخُلُنَّ الْمَسْجِدَ الْحَرَامَ إِنْ شَاءَ اللَّهُ آمِنِينَ مُحَلِّقِينَ رُءُوسَكُمْ وَمُقَصِّرِينَ }

яъни: “Масжидул-ҳаромга эмин-эркин, бошларингизни (сочларингизни) қирдирган ва (ёки) қисқартирган ҳолларингизда қўрқмасдан кирурсиз, иншоаллоҳ” (Фатҳ сураси, 27-оят).

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилишган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам coчини oлдиpгaнлapгa paҳмaт вa мaғфиpaт cўpaб yч мapтa, қиcқapтиpгaнлapгa эса биp мapтa дyo қилгaнлap. Шунинг учун coчни тўла oлдириш қисқартиришдан aфзал бўлади.

Соч олдириш ёки қисқартириш ҳажда ҳaйит кyни тoш oтиб, қypбoнлик cўйиб бўлгaндaн кейин, умрада эса тавоф ва саъйни қилиб бўлгандан кейин бажарилади.

“Раддул муҳтор” китобида эҳромдан чиқишда соч олдириш ҳақида шундай дейилади:

( قَوْلُهُ بِأَنْ يَأْخُذَ إلَخْ ) قَالَ فِي الْبَحْرِ : وَالْمُرَادُ بِالتَّقْصِيرِ أَنْ يَأْخُذَ الرَّجُلُ وَالْمَرْأَةُ مِنْ رُءُوسِ شَعْرِ رُبُعِ الرَّأْسِ مِقْدَارَ الْأُنْمُلَةِ كَذَا ذَكَرَهُ الزَّيْلَعِيُّ ، وَمُرَادُهُ أَنْ يَأْخُذَ مِنْ كُلِّ شَعْرَةٍ مِقْدَارَ الْأُنْمُلَةِ كَمَا صَرَّحَ بِهِ فِي الْمُحِيطِ .وَفِي الْبَدَائِعِ قَالُوا : يَجِبُ أَنْ يَزِيدَ فِي التَّقْصِيرِ عَلَى قَدْرِ الْأُنْمُلَةِ حَتَّى يَسْتَوْفِيَ قَدْرَ الْأُنْمُلَةِ مِنْ كُلِّ شَعْرَةٍ بِرَأْسِهِ لِأَنَّ أَطْرَافَ الشَّعْرِ غَيْرُ مُتَسَاوِيَةٍ عَادَةً .قَالَ الْحَلَبِيُّ فِي مَنَاسِكِهِ وَهُوَ حَسَنٌ ا هـ وَفِي الشُّرُنْبُلَالِيَّةِ : يَظْهَرُ لِي أَنَّ الْمُرَادَ بِكُلِّ شَعْرَةٍ أَيْ مِنْ شَعْرِ الرُّبُعِ عَلَى وَجْهِ اللُّزُومِ وَمِنْ الْكُلِّ عَلَى سَبِيلِ الْأَوْلَوِيَّةِ

яъни: “ “Баҳрур роиқ” китоби муаллифи айтадилар: “Сочни қисқартириш дегани – эркак ва аёл (камида) бошнинг тўртдан бир қисмидаги сочнинг учидан бармоқ бўғини миқдорича олишдир. Имом Зайлаъий раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар. Унинг муроди ҳар бир соч толасидан бир бўғин миқдорича олишдир. Буни “Муҳит” китоби муаллифи очиқ айтганлар”. “Бадоиъус саноеъ” китобида айтилади: “Сочни қисқартиришда ҳар бир соч толасидан олинадиган миқдор тўлиқ бўлиши учун бир бўғин миқдоридан зиёда қилиш вожибдир. Чунки одатда сочнинг ҳамма томони бир хил бўлмайди (баъзи жойлари бир бўғиндан калта бўлиши мумкин)”.

Имом Ҳалабий раҳимаҳуллоҳ “Маносик” номли китобларида шу иш (бир бўғиндан зиёдароқ олиш)ни яхши деб билганлар. Шурунбулолий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Менга равшан бўлгани шуки, ҳар бир соч толасидан (бир бўғин) олинади дегани, сочнинг тўртдан бир қисмидан бир бўғин олиш бўлиб, бу вожиб. Бошдаги ҳамма сочдан олиш эса авлодир”.

Агар соч бир бўғиндан қисқа бўлса, уни қисқартириб бўлмайди, балки ҳаммасини олдириш вожиб бўлади. Соч олдириб эҳромдан чиққач, мўйлаб ва тирноқларни олиш ҳам мустаҳабдир. “Фатовои ҳиндия” китобида шундай дейилади:

وَإِذَا جَاءَ وَقْتُ الْحَلْقِ وَلَمْ يَكُنْ عَلَى رَأْسِهِ شَعْرٌ بِأَنْ حُلِقَ قَبْلَ ذَلِكَ أَوْ بِسَبَبٍ آخَرَ ذَكَرَ فِي الْأَصْلِ أَنَّهُ يُجْرِي الْمُوسَى عَلَى رَأْسِهِ

“Соч олдириш вақти келганда бошда соч бўлмаса, масалан олдинроқ олдирган ёки бошқа сабаб билан тушиб кетган бўлса, (Имом Муҳаммаднинг) "Асл" номли китобида айтилишича бошига устара (ёки соч олиш машинкаси)ни юритиб қўяверади”.

"Фатовои ҳиндия" китобининг бошқа ўрнида шундай дейилган: "Эҳромдан чиқмоқчи бўлган кишининг бошига, энг саҳиҳ қавлга кўра, соч бўлмаган ҳолатда ҳам устарани юритиб қўйиш вожиб ҳисобланади".

Демак, эҳромдан чиқишда сочнинг уч-тўрт жойига қайчи уриб қўйиш билан вожиб бўлган соч олдириш амали бажарилган (яъни, эҳромдан чиққан) бўлмайди ва кейин ҳожи эҳромда ман қилинган ишларни қилиши билан жиноят юзага чиқиб, гоҳида жонлиқ сўйишга тўғри келади. Балки сочни ҳаммасини олдириш ёки сочининг ҳамма жойидан бир бўғин миқдорича қисқартириш вожибдир. Каттагина маблағ ва жисмоний машаққатлар эвазига қилинадиган ҳаж ва умра ибодатларини озгина бепарволик билан нуқсонли қилиб қўймайлик. Ибодатларимиз шариатга мувофиқ бўлиши учун ғайрат ва ҳиммат кўрсатайлик. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

фатво маркази. fatvouz

image
Send as a message
Share on my page
Share in the group