Онамнинг бир кўзи ожиз эди. Бир кўз билан кўрарди.
Шунинг учун уни ёмон кўрардим. Чунки онамнинг кўрлигидан уялардим.
Тирикчилик учун онам мактабда ошпазлик қиларди. Бошланғич синфда ўқирдим ўша кезларди.
Бир куни онам мени кўргани синфимизга келди. Унга кўзим тушган заҳоти уятдан ерга кириб кетгулик бўлдим. Қайси юз билан менга кўринди экан? Онамга нафрат билан бир қарадим-да, синфдан қочиб чиқдим.
Эртаси куни бир синфдошим устимдан кулди: “Онанг бир кўз!” Уятдан ўлгиларим келди. Онамни мактабдан йўқолишини истадим.
Ўша куни онамнинг ёнига бориб:
— Мени болаларга масхара қилдириб қўйганингиздан кўра ўлганингиз яхши эмасми?- дедим.
Онам жавоб бермай, ерга тикилди. Гапларимни бир сония ҳам ўйламадим. Чунки қаттиқ ғазаб ва нафратда эдим.
Унинг изтироблари мени қизиқтирмасди.
Онам билан бир уйда яшашни истамадим. Шунинг учун кўп ҳаракат қилдим ва Сингапурга ўқишга кирдим. Кейин уйландим. Ўзим уй олдим. Фарзандларим бўлди.
Бир кун онам мени кўргани келди. Неча йилдирки мени кўрмаган эди, ҳатто невараларини ҳам танимасди, табиийки.
Эшикка яқинлашганида болаларим уни кўриб кулиб юборишди. Онамга:
— Уйимга келиб болаларимни қўрқитишга қандай ҳаддингиз сиғди? Тез бу ердан кетинг!- деб бақирдим. Бунга жавобан онам паст товушда:
— Айбга буюрманг, янглиш манзилга келдим, чоғи?- деди ва кўздан ғойиб бўлди.
Бир куни мактабни тугатиб кетган собиқ ўқувчилар йиғилишаётгани сабабидан таклифнома олдим. Рафиқамга иш бўйича сафарга чиқаётганимни баҳона қилиб, йиғилишга кетдим.
Тадбирдан кейин қизиқиш важидан эски уйимизга кирдим. Онам бироз хаста экан.
Негадир шу пайтга қадар ҳис этмаганим – ўкинч туйдим қалбимда.
Шўрлик онам мени кўриб соппа-соғ одамдек ўрнидан “даст” этиб турди. Айланиб-ўргилиб бурчакда турган эски сандиғидан ширинликлар олиб, дастурхон ёзди. Мен уялаётганмидим ёхуд раҳмим келса-да, ҳануз онамнинг бир кўзлигидан ирганаётганмидим, хуллас аллақандай бегоналик бор эди ўртамизда.
— Сени кўрмай ўлиб кетаман, деб ўйлагандим,- дея гап бошлади онам, бир кўзидан ёш оқиб.- Дийдоринг армоним бўладими, дея ҳар куни сенга мактублар битардим. Шукур, бугун эшигимдан ўзинг кириб келдинг...
Онам шундай дея менга таом тайёрлаш учун ошхонага ўтиб кетди. Ўрнимдан туриб болалигим ўтган уйнинг уёқ-буёғини кўздан кечира бошладим.
Кўзим онамнинг ёстиғи тагидан кўриниб турган қоғоз тахламига тушди. Назаримда улар менга ёзилгна хатлар эди. қизиқиш устунлик қилиб, бир хат жилдни очиб ичидаги хатни ўқишга тутиндим:
“Энг севикли ўғлим, ҳамиша сени ўйлайман, сени соғинаман,- дея бошлаганди мактуб.- Сингапурга бориб болаларингни қўрқитганим учун хижолатдаман. Собиқ ўқувчилар йиғилиши тадбирига келишингни эшитиб жуда ҳам севиндим.
Аммо сени кўриш учун ётоқдан қўзғала оламанми-йўқми, билмайман. Улғайганингда сенинг уялишинга сабаб бўлганимдан афсусдаман. Биласанми, болам, кичкиналигингда фалокат юз бериб, бир кўзингни йўқотдинг. Она бўла туриб сени бир кўз билан улғайишинга жимгина қараб туролмасдим. Бунга тоқатим етмасди, зотан. Шунинг учун сенга ўз кўзимни бердим. Бу кўз билан менинг ўрнимда кўради, деб сен билан шу қадар ғурурланиб юрдимки, асти қўявер, болам.
Сени яхши кўриб, дуоларида бахтингни, умрингни сўраб қолувчи онанг...
Мен адо бўлгандим. Адойи тамом эдим. Оёқларимдан мадор қочди. Қандай қилиб ошхонага ўтганимни, онамни бағримга босганимни билмай қолдим. “Мени кечиринг, онажон” дедиму ўзимни онамнинг оёқлари остига ташладим.
Инсонманми мен ҳам?!..