Translation is not possible.

СЕҲРДАН САҚЛАНИШ ВА ДАВОЛАНИШ ЙЎЛЛАРИ

#сеҳр

❓231-CАВОЛ:

Сеҳр қилинган инсон ундан қандай қутилиши мумкин?

💬 ЖАВОБ:

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Сеҳрни сеҳр билан даволанмайди, балки шариатга мувофиқ дам солдириш, “Фотиҳа”, “Оятал курсий”, Бақара сурасининг охирги икки ояти, “Ихлос”, “Фалақ” ва “Нас” сураларини ўқиб, ўзига дам солиш, доимо таҳоратли юриш, фарз ибодатларни вақтида бажариш, кўп қироат ва зикру тасбеҳда бўлиш тавсия этилади. Тарихдан маълумки, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламни Лабийдул яҳудий ва унинг қизлари ўн бир тугунли ип билан сеҳр қилишганда “Фалақ” ва “Нас” сураларини ўқиб паноҳ сўрашга буюрилдилар. У зот ушбу сураларни ўқиб сеҳрдан халос бўлдилар (“Тафсири Жалолайн” китоби).

Аввало, фолбинлик, сеҳр билан шуғулланадиган кишилардан узоқ бўлиш, сеҳр ҳам Аллоҳ таолонинг изнисиз таъсир қилмаслигига қаттиқ ишониш керак.

Сеҳр билан шуғулланиш – оилаларнинг бузилиши, силаи раҳмнинг узилишига сабаб бўладиган оғир жиноятдир. Ҳозирги кунда ҳам сеҳрнинг иситиш-совутиш деган тури кўп учрайди. Баъзи опа-сингилларимиз тушунмасдан эримни ўзимга иситаман, деб фолбин-сеҳргарга мурожаат қиладилар. Кўпинча натижа тескари бўлади. Аслида, опа-сингилларимиз динимизда тавсия қилинган, эр-хотин ўртасида муҳаббатни зиёда қиладиган ишларга ҳаракат қилишлари керак. Энг асосийси, имон, ихлос, муҳаббат, сабр-тоқат, қаноат, босиқлик, кечиримлилик, меҳр, шукр, Аллоҳнинг тақдири ва тақсимига рози бўлиш, хушмуомалалик, ҳаё, меҳнатсеварлик, оқкўнгиллик каби хислатларга эга бўлишга ҳаракат қилсалар, эрни иситиш учун имонни таҳликага қўйиб фолбин-сеҳргардан ёрдам сўрашга ҳожат қолмайди.

Фолбин ва сеҳргарларнинг бозорини юритаётганлар, уларнинг эшиклари олдида турнақатор навбатлар ташкил қилаётганлар кимлар? Афсуски, биз ўзимиз уларнинг иши юришишига сабаб бўлмоқдамиз. Ҳар бир оила бошлиғи қўл остидагилар учун масъул. Демак, ҳар бир эр ёки ота оила аъзоларини фолбин ва сеҳргарларга боришидан қайтариши керак. Чунки ўзини ҳам оила аъзоларини ҳам дўзах ўтидан асраши унинг муқаддас бурчидир. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

фатво маркази. fatvouz

image
Send as a message
Share on my page
Share in the group