4 day Translate
Translation is not possible.

СЕҲР-ЖОДУ ҚИЛИШНИНГ ҲУКМИ

#Сеҳр

❓230-CАВОЛ:

Қабристонларда сеҳру жоду қилиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда шунга муносабат билдирсангиз?

💬 ЖАВОБ:

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Сеҳр қаерда қилинса ҳам, динимизда тақиқланган, ҳаром ишлардан ҳисобланади. Бу ишни ҳалол деб қилаётганлар имонидан ажрайди ва катта гуноҳга қолади. Сеҳргар – охиратда насибаси йўқ кишидир. Бу иш билан шуғулланадиганлар кеч бўлмасдан, ўлим ёқадан тутмасдан туриб, тезда тавба қилишлари лозим бўлади.

“Сеҳр” арабча сўз бўлиб, “келиб чиқиши махфий нарса”, “бирор нарсани аслидан бошқача қилиб кўрсатиш” маъноларини билдиради. (“Мўъжамул васит” китоби).

Сеҳр – ношаръий сўзлар билан тугунларга дам солиш ёки сеҳрланадиган кишига юзма-юз келмасдан ҳам унинг бадани, қалби ва ақлига таъсир қиладиган ишларни қилишдир.

Сеҳрнинг инсон жисмига зарарли таъсири мавжуд. Қуйидаги ояти каримада сеҳргарларнинг одамларга етказадиган зарари ва у фақат Аллоҳнинг изни билангина бўлиши ҳақида шундай дейилади:

فَيَتَعَلَّمُونَ مِنْهُمَا مَا يُفَرِّقُونَ بِهِ بَيْنَ الْمَرْءِ وَزَوْجِهِ وَمَا هُمْ بِضَارِّينَ بِهِ مِنْ أَحَدٍ إِلاَّ بِإِذْنِ اللَّهِ

яъни: “Иккисидан эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсани ўрганар эдилар. Лекин улар Аллоҳнинг изнисиз у билан ҳеч кимга зарар етказа олмаслар” (Бақара сураси 102-оят)

Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ сеҳр қилиш ҳаром амал эканига ижмоъ бўлганини ривоят қилганлар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом еттита ҳалок қилувчи гуноҳни санаб, Аллоҳга ширк келтириш ва ноҳақ одам ўлдириш каби катта гуноҳлар ўртасида сеҳрни зикр қилдилар:

اجْتَنِبُوا السَّبْعَ الْمُوبِقَاتِ قَالُوا يَا رَسُولَ اللَّهِ وَمَا هُنَّ قَالَ الشِّرْكُ بِاللَّهِ وَالسِّحْرُ وَقَتْلُ النَّفْسِ الَّتِي حَرَّمَ اللَّهُ إِلَّا بِالْحَقِّ وَأَكْلُ الرِّبَا وَأَكْلُ مَالِ الْيَتِيمِ وَالتَّوَلِّي يَوْمَ الزَّحْفِ وَقَذْفُ الْمُحْصَنَاتِ الْمُؤْمِنَاتِ الْغَافِلَاتِ (رواه الامام البخاري عن ابي هريرة رضي الله عنه)

яъни: “Етти ҳалок этувчидан четланинг”. Одамлар: “Улар нималар? Эй Аллоҳнинг Расули” -дедилар. У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга ширк келтириш, сеҳр, Аллоҳ ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдириш, рибохўрлик, етимнинг молини ейиш, уруш куни қочиш ва солиҳа, мўмина, покиза аёлларни зинода айблаш”, - дедилар (Имом Бухорий ривоятлари).

Демак, агар сеҳр қилувчи тавба қилмаса, охиратда қаттиқ азобга қолади. Ҳанафий уламоларимиз сеҳргар сеҳр амалини қилиши билан диндан чиқади, дейдилар. Бу эса, Аллоҳ паноҳ берсин, дўзахда абадий қолиш деганидир. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:

وَلَقَدْ عَلِمُوا لَمَنِ اشْتَرَاهُ مَا لَهُ فِي الْآَخِرَةِ مِنْ خَلَاقٍ وَلَبِئْسَ مَا شَرَوْا بِهِ أَنْفُسَهُمْ لَوْ كَانُوا يَعْلَمُون

яъни: “Уни (Аллоҳ китобини сеҳрга) алмашганларга охиратда насиба йўқлигини ҳам яхши билар эдилар. Ўз (насиба)ларини қанчалик ёмон нарсага сотиб юборганларини билсалар эди!”

Ҳанафий, Моликий ва Ҳанбалийлар сеҳрни ўрганиш ҳаром ва куфр эканини айтадилар. Бунинг далили қуйидаги ояти карима:

وَمَا يُعَلِّمَانِ مِنْ أَحَدٍ حَتَّى يَقُولاَ إِنَّمَا نَحْنُ فِتْنَةٌ فَلاَ تَكْفُرْ

яъни: “(У икки фаришта): «биз фақатгина синов (воситаси)миз, (бизга ишониб) кофир бўлиб қолма!», – деб (огоҳлантирмагунча) ҳеч кимга (сеҳрни) ўргатмас эдилар” (Бақара сураси 102-оят).

(“Қувайт фиқҳ энциклопедияси” китоби). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

фатво маркази. fatvouz

image
Send as a message
Share on my page
Share in the group