1 week Translate
Translation is not possible.

ТАҲОРАТДА БЎЙИНГА МАСҲ ТОРТИШ

#таҳорат

❓228-CАВОЛ:

Таҳоратда бўйинга масҳ тортиш бидъатми?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ҳанафий мазҳабимизда бўйинга масҳ тортиш мустаҳабдир. Яъни, бажарилса савоб, бажарилмаса гуноҳ эмас. Бу ҳақда бир қанча ривоятлар мавжуд. Жумладан,

رَوَى أَبُو الْحَسَنِ ابْنُ الْفَارِسِ بِإِسْنَادِهِ عَنِ ابْنِ عُمَرَ: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عليه وسلم قَالَ: "مَنْ تَوَضَّأَ وَمَسَحَ بِيَدَيْهِ عَلَى عُنُقِهِ وُقِيَ الْغُلُّ يَوْمَ الْقِيَامَةِ".

яъни: “Абулҳасан ибн Форис раҳматуллоҳи алайҳ Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким таҳорат қилиб, бўйнига икки қўли ила масҳ тортса, қиёмат куни ғулдан сақланади”, дедилар”. Ҳадисдаги “ғул” – “темир бўйинбоғ”, “кишан” деганидир.

Мазҳабимиздаги барча мўтабар фиқҳ китобларида бўйинга масҳ тортишни мустаҳаб экани баён қилинган. Жумладан, “Ал-Баҳрур роиқ” китобида шундай дейилади:

وَاسْتَدَلَّ فِي فَتْحِ الْقَدِيرِ عَلَى اسْتِحْبَابِ مَسْحِ الرَّقَبَةِ أَنَّهُ عَلَيْهِ السَّلَامُ مَسَحَ ظَاهِرَ رَقَبَتِهِ مَعَ مَسْحِ الرَّأْسِ

яъни: “Фатҳул қодир” китобида бўйинга масҳ тортиш мустаҳаб эканига Пайғамбаримиз алайҳиссалом бошларига масҳ тортиш билан бирга бўйинларига ҳам масҳ тортганларини далил қилиб келтирилган”.

“Мажмаул анҳур” китобида қуйидагича баён қилинган:

وَمُسْتَحَبُّ الْوُضُوءِ مَسْحُ الرَّقَبَةِ لَا الْحُلْقُومِ فَإِنَّ مَسْحَهُ بِدْعَةٌ

яъни: “Таҳоратнинг мустаҳаби – бўйинга масҳ тортишдир. Ҳалқумга масҳ тортилмайди, чунки ҳалқумга масҳ тортиш бидъатдир”.

Бўйинга қўл бармоқларининг орқа томони билан масҳ тортилади. Бунда қўл қайтадан ҳўлланмайди, балки, бошга масҳ тортиш учун ҳўлланган қўл кифоядир.

Аллома Абдулҳай Лакнавий раҳматуллоҳи алайҳ бу масала бўйича алоҳида китоб ёзиб, уни “Туҳфатут толабати фий таҳқиқи масҳир роқобати” (яъни, “Бўйинга масҳ тортишни аниқлашда талабаларга туҳфа”) деб номладилар. Абдулҳай Лакнавий ҳазратлари бу китобда бўйинга масҳ тортиш ҳақидаги барча ривоят ва уламоларнинг фикрларини ўрганиб чиқиб, масалага қуйидагича хулоса қилганлар: “Бўйинга масҳ тортиш ҳақида ҳар хил фикрлар мавжуд. Кимлардир бу амални суннат деса, кимлардир бидъат деган ва яна кимлардир мустаҳаб деса, бошқалар эса, макруҳ деган. Бу масала борасида заиф бўлсада бир қанча ҳадислар мавжуд. Баъзилар эса жуда муболағага берилиб, бу ҳадисларни тўқима деган. Хулоса қиладиган бўлсак, бу мавзуда уламолар ихтиёр қилган гап шуки, бўйинга масҳ тортиш мустаҳаб, ким уни қилса, яхши ишни қилган бўлади. Ким қилмаса, зарари йўқ. Бу ҳақда келган ҳадислар гарчи заиф бўлсада, лекин, бўйинга масҳ тортишда фазилат борлигини исбот қилишга кифоя қилади”. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

фатво маркази. fatvouz

image
Send as a message
Share on my page
Share in the group