Translation is not possible.

- Одамзод нима учун кафтдек ҳовлисига гул экади? Ундан кўра шолғом экса, қозонига тушади-ку.

- Одамзод нима учун булбул чах-чахини эшитганда энтикиб кетади? Ундан кўра булбулни шўрвага солиб пиширса, нафсини қондиради-ку.

- Одамзод нима учун осмонда чарақлаб ётган юлдузларни кўриб, кўнгли завққа тўлади? Юлдузлар унинг ҳамёнидаги тиллалар эмас-ку.

- Одамзод нима учун китоб ўқиётиб, суюкли қаҳрамони ўлиб қолса йиғлайди? Уни ёзувчи \"ичидан тўқиб чиқаргани\"ни билади-ку?

- Одамзод нима учун ўзга юртларга бориб беҳисоб мол-дунё орттирсаю, иттифоқо болалиги кечган кулбаси тушига кириб қолса, туни билан йиғлаб чиқади? Ахир у шоҳона қасрда яшайди-ку.

- Одамзод нима учун боласининг бошида алла айтади? Гўдак алла эшитмаса ухламайдими?

- Одамзод нима учун неварасини етаклаб неча замон аввал ўтиб кетган бобосининг қабрини зиёрат қилади? Марҳумни улар кўрмайдилар-ку?!

- Гап шундаки, Одамзодни ҳайвонотдан ажратиб турадиган чегара бор. Бу чегаранинг номи Маънавият деб аталади.

Ўткир ҲОШИМОВ

Send as a message
Share on my page
Share in the group