Translation is not possible.

АФСУСКИ ХАҚИҚАТ

Бир яҳудий инсон билан суҳбатлашиб қолдим. Юрагимни илма-тешик қилар гапларни айтдию, аммо ҳақиқат эди.

Бир даврада ёш болаларнинг яхши хулқлари ҳақида гапира туриб, \"Исломий тарбия шундай бўлади\" деб қўйдим. Бироздан сўнг кўчага, салқин ҳавога чиқдим. Ёнимга бир инсон келди:

— \"Боя айтган гапингизга қўшилмайман. Агар ранжимасангиз ҳақиқатни айтай, — деди. — Сиз мусулмонлар фарзандингизга асло диний тарбия бера олмайсизлар.

Сизлар болаларингизга фақат ва фақат пул топиш, бой бўлиш, катта ҳовли ва машиналар олишни ўргатасиз. Бу Исломий тарбия эмас!

Болангиз доктор бўлгиси келса, сиз \"Жуда яхши касб. Инсонларни дардига малҳам бўласан\" демайсиз. Аксинча, \"Жуда яхши касб. Халқ ҳурматида бўласан, ҳамма сени сўнчагингга пул солади. Докторни бир операцияси фалон пул туради\" дейсиз. Натижада болани ёшликдан пора, кибр ва ҳаромхўрликка йўналтирасиз.

Уларга динни ўргатмагани учун шундай деманг. Чунки динни ўрганган руҳонийларингиз ҳам катта бизнес ва сармоя соҳиблари. Минбарга чиқиб олиб, фоиз яхши эмас, дея ўзлари машинасини фоизли ижарага беради. Гап диний билимда эмас, диннинг моҳиятини етказишда!

Мусулмонлар яшайдиган ўлкаларга Аллоҳ барака берган. Энг бой юртлар мусулмонларники. Аммо энг қашшоқи ҳам улар! Нима учун? Чунки фақат бойлик кетидан қувасизлар. Натижада бир-бирингизга гапингиз ўтмайди.

Сизга бир гапни айтаман. Болаларга тарбия беришни биз мусулмонлардан ўргандик. Биз болани ёшлигидан унга хавфли нарсаларни оддий қилиб кўрсатиб, ундан қандай сақланишни ўргатамиз. Масалан, 2-3 яшар бола ҳар нарсага қизиқади. Агар у пулга қизиқса, биз уйни ҳар ерига пул қўямиз. Ўзимиз эса пулга бефарқ бўлиб, қўлларимизга китоб оламиз. Бола пулни ушлаб, бизга қарайди. Бизни диққатимиз китобдалигини билгач, пулни ташлаб, у ҳам қандайдир китобга қараб эмаклайди.

Сизлар болаларингизнинг оғзига топганингизни тиқасизлар. Биз эса кераклисини. Масалан, бола шоколадга қизиқса, унга шоколад берамиз, аммо ўзимиз емаймиз. Шунинг учун бола ҳам уни емайди. Аммо мусулмоннинг боласига қарасангиз: қўлига нима тушса, оғзига солиб кўради.

Биз боламизга касбни ўзимиз танлаймиз. Сизлар эса \"Ким бўлсанг бўлавер!\" дейсиз, натижада бола жуда кеч улғаяди. Биз ҳар кеча уйда китобхонлик соати қиламиз. Ишдан чарчаб келамиз, мутолаага куч қолмайди. Аммо шу соатда биз китобни очиб, унга термулиб ўтираверамиз. Болаларимиз ҳам бунинг муҳимлигини ҳис қилиб, китобга қизиқа бошлайди.

Агар мен уни инжинер қилмоқчи бўлсам, атайин унинг атрофига шу соҳага оид турли расмдаги китобларни қўяман. Бола нимани билса, шуни касб қилади. Диний ва дунёвий таълимни ёшликдан шундай берсак, келажакда унинг учун қайғуришга ҳожат қолмайди.

Мен яҳудий бўла туриб, Исломни айрим мусулмонлардан яхши биламан. Истасангиз, уйга кирамиз. Ўша даврадагиларга диндан савол бераман. Барчаси жавоб бера олишига ишонасизми? Йўқ! Чунки уларни бефаҳм қилиб тарбиялашган.

Ҳозир болам 9 ёшда. Инглиз, рус ва иброний тилни билади. Ҳар кеча онлайн тарзда Исроил олимларидан Тавротни ўрганмоқда. Хонасидаги жавони китобга тўла. Ядровий физикага қизиқади. Мактабни битириб, Қуддамга кетмоқчи.

Уни зеҳнли қилиб тарбия қилганимиз учун Исроил давлати ҳар ой менга катта маош тўлайди. Мен ҳар ой унга озроқдан маош бераман. Пул билан муомала қилишни ўрганиши учун. Пулни нимага сарфлашига диққат қиламан. Агар ёш болаларча сарфласа, демак тарбияда бироз оғишлик бор. Тўғрилайман.

Мусулмон боласи пулни қандга ишлатса, \"Болани пулга ўргатибсан!\" дея, онасига дакки беради. Ўзи эса \"Ўқисанг — бой бўласан!\" деб, уқтиради\"...

Унинг гапларини чуқур ўйладим. Аслида у ҳақиқатни гапирган эди. Энг бой ўлкада яшаб туриб, энг камбағал ва маданиятсиз эдик. Демак, айб ўзимизда бўлган экан. \"Нобель\" олганларнинг кўпи яҳудий. Энг катта бизнесмен, олим, доктор ва ихтирочилар ҳам улар. Энг кўп китоб чоп этиб, таълимга кўп пул сарфлаб, ёшларга кучли таълим берувчилар ҳам улар. Барча соҳани эгаллаб, ўз мақсадлари йўлида фойдаланувчилар ҳам улар! Афсуски шундай!

Send as a message
Share on my page
Share in the group