Translation is not possible.

#мулоҳаза

Сал олдинроқ болажонларни китобга қизиқтириш бўйича тавсия берган эдик. Эндиги тавсия болажонларни ёзги таътилини қандай қилиб манфаатли ўтказиш ҳақида бўлади. Бунинг учун оила даврасида ўтказиладиган бир тадбирни сизларга тавсия қилмоқчиман. Оила бошлиғи ҳар ҳафтанинг бошида бир мавзу танлаб, уни оила аъзоларига эълон қилади. Ҳар ҳафта охирида оила аъзолари иштирокида тадбир ўтказилади. Иштирокчилар танланган мавзу бўйича ҳафта давомида тайёргарлик кўришади. Бу тадбирда албатта болажонлар ҳам қатнашишади. Оиланинг катталари қатнашган тадбирда, болажонлар қизиқиб қатнашишади. Топшириқни яхши топширган иштирокчиларга совғалар (имконга қараб) топширилади. Бу ишни бир марта қилиб олсангиз, кейингилари осон бўлади. Оила аъзоларининг барчаси тадбирда қатнашса, нур устига нур бўлади. Мавзулар эркин темада бўлиши мумкин. Масалан: \"Ота-онага яхшилик қилиш\", \"Жигарларга яхшилик қилиш\", \"Олдингга қўйган мақсадларинг\", \"Қайси касбни танламоқчисан?\", \"Атроф-муҳитга бўлган муносабат\", \"Телефоннинг яхши ва ёмон тарафлари\". Ёки бирон бир китобни ўқиб, тушунганини сўзлаб бериш. Иложи бўлса, иштирокчилар ўзларининг тақдимотларини (презентация) тайёрлаганлари яхши. Ҳозирги ақлли телевизорлар тақдимот қилиш учун ҳам мўлжалланган. Тақдимотни телефон ичидаги дастурларда ҳам тайёрлаш мумкин. Компьютерда бўлса яна ҳам яхши. Жуда бўлмаса тақдимотни каттароқ қоғозда тайёрлаш мумкин. Яна, овоз кучайтирадиган микрофон (150 минг сўм атрофида топса бўлади). Иштирокчиларнинг чиқишларини телефон камерасига ёзиб олинади. Болажонларга қизиқарли бўлиши учун кичикроқ саҳна ташкил қилиш ҳам мумкин.

Хўш, бу тадбир нима учун керак? Биринчидан, болажонларни эркин фикрлашга ўргатамиз. Иккинчидан, болажонлар бошқалар олдида эркин туриб сўзлашни ўрганишади. Учинчидан, қўлига микрофон олганда, саҳнага чиққанда ва камера қаршисида турганда довдираб қолмасликни ўрганади. Тўртинчидан, тақдимот қилишни ўрганади. Маҳорати ёшликдан ошиб бораверади. Бешинчидан, болангизда масъулият ошиб бораверади. Агар тадбирнинг биринчиси кўнглингиздагидай чиқмаса, яна ҳаракатни давом эттираверинг. Сизнинг бу ишингизни кўриб болажонлар ҳам ҳаракат қилаверишади. Мабодо уйингиздаги оила аъзоларингиздан бири, \"Бу нарсаларнинг нима кераги бор?\", \"Бошқа ишни қилсангиз бўлмайдими?\", \"Зарил кептими?\" каби гапларни айтса, сиз шаштингиздан қайтманг. Бир кун келиб натижани кўрганда у ҳам ўзгаради. Фақат бу тадбирни юқори савияга чиқариш ва ижобий натижага эришиш учун озгина сабр керак бўлади. Айтганча, болажонлар ҳаяжонланиб яхши иштирок эта олишмаса, сиз уларни қўллаб туринг. Камситиш, масхаралаш, уришиш асло ярамайди. Мана кўрасиз, шундай тадбирлардан кейин оилангиздаги муҳит умуман ўзгариб кетади. Ўзингизни ва оила аъзоларингизни бекорчи гапларга ва ишларга вақти ҳам қолмайди. Сиз буни албатта бошланг ва вақт ўтиб, иншааллоҳ ижобий натижани кўрасиз!

Abdulkarim Hasan

Send as a message
Share on my page
Share in the group