Translation is not possible.

  Муҳаммад Арифий айтади:

"Рамазоний бўлмангиз Роббоний бўлингиз."

Роббимиз бизга танлаб берган ойга умматнинг ихлос ва муҳаббат қилиши мени севинтиради, қалбимга таскин беради.

   Рамазон ойида бомдодда сафимизнинг кўплиги ва зичлиги кўзларни қувонтиради. Бу умматнинг бемор бўлсада ўлмаслигини ўйлаб қалб хотиржам бўлади. Бир йил давомида ўлган қалбларни қайта тирилтириш учун Аллоҳ Рамазонни жўнатиши қалбни сурурга тўлдиради. Рамазондаги масжидларнинг шукуҳи ўзгача. Кишилар хатмлар ва қорилар ҳақида ҳаяжон билан суҳбатлашишади. Фарзандларимизнинг бу ойда қуръонга юз буриши, қори бўлишни ният қилиши келажагимиздан бизни хотиржам қилади. Иншааллоҳ бунинг ҳосилини кўрамиз.

   Қариндошлар ва қўшнилар орасида коса ва товоқлар айланади. Муҳаббат ва улфатчилик зиёда бўлади. Садақа беришлар кўпаяди....

   Аммо мен тушунмайдиган нарса шуки, нега энди Рамазондаги хулқимиз бошқа ойларга ўтмайди?! Нега энди йил бўйи Рамазондаги каби ибодатга берилмаймиз?!

   Нега энди бомдодларда тўлиб турган масжид Рамазон чиқиши билан ярмидан ҳам камайиб кетади?!

   Нега энди Қуръонни умр китоби эмас, Рамазон китоби деб қараймиз?!

   Нега энди бошқа ойларда садақа бериш учун фақир қидирмаймиз?! Фақирлар бошқа ойларда овқат ейишмайдими?!

   Нега энди қариндош ва қўшниларимизга Шаввол ёки Зулҳижжада овқат улашмаймиз?!

   Нега энди болаларимизни бошқа ойларда илм ўқишга, қуръон ёдлашга шижоатлантирмаймиз?!

Фақат Рамазонни эмас, Роббимизнинг бошқа ойларини ҳам севайлик. Бошқа ойларда ҳам бизга Рамазонники каби қувват, ихлос ва муҳаббат берсин Аллоҳим!

Send as a message
Share on my page
Share in the group