Translation is not possible.

2

– Ўтган асрнинг 17 йили чор россияда ҳукумат ағдариб, Ленин ва унинг ҳамтовоқлари иқтидорга келган бир пайтда Қўқонда мухторият тузилади, яъни мустақиллик эълон қилинади. Аммо қонхўр болшевиклар шаҳарни тўпга тутиб, халқни қонига ботириб, зиёлиларнинг умидини сўндиради. Ўша даврнинг энг машҳур шоири ким эди, биласизми? Чўлпон эмас! Фитрат ҳам, Усмон Носир ҳам эмасди. Сўфизода эди. Наманганлик шоир ўша даврнинг энг кучли ва жудаям иқтидорли ижодкори эди. Жадидларнинг отаси десак ҳам бўлади. (Унинг ижодига ҳам ҳали етарли эътибор ва баҳо берилган йўқ). Хива хонлигининг Хўжайли шаҳри Мовароунннаҳрнинг маънавий дарвозаси эди. Жадидчилик насимлари Боғчасарой томонлар эсиб, энг аввало шу шаҳарга етади. У чоррраҳада жойлашган ажойиб шаҳар бўлган. Сўфизода ўша ерда мактаб очган эди. У Ҳамзанинг устози бўлган. Ҳамза устозининг ёнига бориб, мактабда дарс беради. У ўта камбағал, ночор аҳволда бўлган. Мактабдорлик орқасидан қўл учида кун кечирган. Кейинчалик Қўқон, Марғилон шаҳарларидаям янгича усулдаги мактаблар очиб, миллатни илмли қилиш ва шу йўл билан нажотга эришиш ҳаракатига тушади. Унинг ўқувчилари қисқа муддатларда савод чиқариб, илмда илгарилаб кетарди, яъни педогогик услуби зўр бўлган.

Ўша даврдаги ўрис амалдорларга унинг бу сайи ҳаракатлари ёқмаган. Таъқиблардан зада бўлган шоир ота юрти Аввалга келиб қолади. Аввал Фарғона шаҳрининг ғарбида, Қувасой томонида жойлашган қишлоқ. Бу ерда у халқ хизматда бўлади. Лекин унинг машҳурлиги, ҳаракатчанлиги айрим маҳаллий корчалонларга ёқмайди. Шу боис унинг устидан Йўлдош Охунбобоевга қайта-қайта шикоят қилаверадилар. Йўлдош ота Аввалга келганида Ҳамза бир гуруҳ кишилар билан кўприк қурилишида жавлон уриб турган бўлади. “Сизларга керакмасми Ҳамзахон? Унда у ўзимизга тан”, дейди-да, уни фойтунига ўтқизиб, Шоҳимардонга жўнайди.

Шоҳимардонда янги артел (колхоз) тузилган, аммо халқ ишлашни хоҳламаётган эди. Чунки ер мулкдорлардан тортиб олиниб, гўё умумхалқ мулки деб эълон қилинган эди. Халқ тузини тотиб, тузлиғига тупурадиган нонкўр эмасди, шунинг учун артелда ишлашдан бош тортади. Бу ер эгаларининг ҳақига хиёнат эканини биларди. Ҳукумат Ҳамзанинг машҳурлигидан фойдаланиб бу ердаги ишларни ўнгламоқчи бўлади.

Шоҳимардонда машҳур зиёратгоҳ бор, мақбара. Ундаги қабр ҳазрати Али жанобларига нисбат берилади. Менимча, бу рамзий қабр бўлиши керак, чунки у зоти шарифнинг араб тупроғига дафн этилганлари ҳаммамизга маълум. Шу мақбарага қўтоснинг думини осиб қўйган хурофотчилар зиёратга келган оми халқни алдаб, бойлик орттириб юрган бўлади. Қандай қилиб дейсизми? Қорни оғригангаям, песгаям, моховгаям, туғмаётган жувонгаям, тутқаноққаям шу думнинг толасини “банияти шифо” деб пуллайверади. У ерда ҳар куни қанчадан қанча қўйлар, товуқлар сўйилиб, қабр эгасидан мурод ҳосил бўлишини тилайдилар.

Шу ишлар ислом динига тўғри келадими? Ширк эмасми қабрларга сиғиниш? Бу хурофотми ё бидъатми, нима бўлсаям, севимли Пайғамбаримиз олиб келган динга алоқаси борми? У зот каъбатуллоҳдаги бут-cанамларни йўқ қилиш учун келмаганларми? Ҳа, балли!

Send as a message
Share on my page
Share in the group