Translation is not possible.

"Шаҳидлик муборак! Шаҳидлик муборак! Шаҳидлик муборак!.." Исломхон Тўра бўғиқ овозда, юрак-кўксини ўйиб-тимдалаб шу гапларни такрорларди.

Қўрғон деворидаги уч юз бўз йигит - кечаги косибу деҳқон, новвою уста, мардикору бўзчи... қўлига илинган қуролни маҳкам тутганича аста яқинлашмоқда бўлган шўро аскарларини кутишарди. Ҳеч ким омон қолишига кўзи етмасди, лекин Исломхон Тўранинг сўзлари кўнгилларни тўлдирган, тақдирга рози қилган, қонларини кўпиртирган, нигоҳларини ёндирган...

"Шаҳидлик муборак!.."

"Рухсатсиз отмангиз! Ўрнингиздан жилмангиз!" Қўрбошининг ўктам овози қўрғондаги асабий жимликни, тарангликни бузди.

Қўрбошининг овози сўниши билан Исломхон Тўранинг овози эшитилди.

"Шаҳидлик муборак!.."

Қўрғон минорасидаги "Максимка"нинг дастасини йигирма ёшлардаги йигит Абдуҳолиқ ушлаган, қўрғондагилардан кўра у шўро аскарию отлиқларини яхши кўрар, қўрбошининг биргина имосига маҳтал эди. Ишора етса, тамом, тепкини босади, пулемётни сайратади.

"Абдуҳолиқ, укам, сен шошма!" шўродан кўз узмай турган қўрбоши минорага овоз берди.

"Хўп, ака!" Абдуҳолиқ ҳам қўрбошига жавоб қилди.

Шўронинг аскарию отлиғи кўп эдики, Гарбуванинг далаларига тошиб кетгандек эди. Шўро ердан қайнаб чиқаётганга ўхшар, кети узилмас, юришию сиёқидан еру кўкни олиш даъвоси ўқилар эди. Аммо, қўрғондагиларга уларнинг ҳайбати кўринмас, уларни кутажак мақомот юракларини тўлқинлантирган эди.

"Шаҳидлик муборак!.."

Қўрбоши йигит баланд овозда деди: "Аллоҳу акбар! Отингиз!"

Милтиқлар-у бирин-кетин қасирлай кетди, "Максимка" тилга кирди. Шўронинг илк сафлари қулади, тутдек тукилди, қаторлари аралашиб кетди. Кўзлари ёнган, нигоҳларида нафрат ғолиб уч юз йигит тинмасди, қуролини тиндирмасди.

Исломхон Тўра ҳам тинмасди: "Шаҳидлик муборак!.."

Шўронинг адади кўп эди, қурбонлари кўринмасди. Олдига босаверди. Орқадаги тўпларини олдинга чиқарди. Тўплар ишга тушди.

Тўп ўқлари қўрғон деворларини ёриб, ўйиб, йигитларни қулатиб қўйди. Аммо омон қолган йигитлар чекинишни ўйламасдилар. Мақомотдан ҳеч ким воз кеча олмасди...

Минорадаги Абдуҳолиқнинг жазаваси тутганди. Қўрғондагиларнинг отгани бир эди, унинг отгани бир эди. Шўро тўпларидан бирини минорага тўғрилади. Минорани кетма-кет қўпорди. Шунда ҳам Абдуҳолиқ тинмасди. Минорани еттинчи ёки саккизинчи тўп ўқи олганда Абдуҳолиқнинг "уни" ўчди.

Қай бир йигит омонатни топширолмай инграр, қай биридир калима келтиришга қийналар, лаблари бўйсунмай титрар, девордан қулаган қай бир йигит ҳовли ўртасида тиз чўкканича титраётган қўлларига қараб нима бўлаётганини англай олмас, яна бир йигит милтиғида ўқ қолмаганидан шаҳид шеригининг милтиғини қидириб қолган...

Қонли, ёввойи, қўрқинч издаҳом ичида Исломхон Тўранинг овози чиқиб турарди: "Шаҳидлик муборак! Шаҳидлик муборак!.."

Шўро томонида ҳам шу манзара: отлар туёғи остида ўликлар, ўлим талвасасидаги мажруҳлар, оғриқ азобларидан додлаётган эркаклар, ўлиб-ўлолмаётган отлар...

Жанг узоқ чўзилди. Қўрғонда тирик одам қолмади. Энг сўнггида, девор остида байроқ кўтарган Исломхон Тўра омонатни топширди.

Шўро бу жангдан кейин чекинаётган мусулмон қўшин ортидан туша олмади. Қўрғондагиларнинг шиддатию сиёқи уларнинг юрагини олиб қўйган эди.

1919 йилнинг кеч кузи эди. Фарғонанинг уч юз йигит ана шу жангда шаҳид бўлган эди.

Бахтиёр Абулғофур саҳифасидан олинди

image
Send as a message
Share on my page
Share in the group