Translation is not possible.

Уч йил олдин эрта баҳорда мошина минишни бошладим. Улов яхши нарса, агар у яп-янги бўлса, айни роҳат! Бироқ янги ҳайдовчи бўлсанг, унчаям роҳат қилолмайсан. Техникани бошқаришга қовушолмаслик, ён-верингда ҳаракатланаётган мошиналарга мослаша олмаслик, йўл белгиларини кўрмай қолиш, бир сўз билан айтганда, тажрибасизликдан ноқулай вазиятларга тушиб қоласан.

2021 йил кўклам палласи рамазон ойи киришидан олдин оилавий дам олишга тоққа бориб келадиган бўлдик. Биринчи марта ҳайдовчи бўлиб узоқ йўлга чиқдим ва ўшанда биринчи марта ходимнинг ишораси билан мошинам тўхтатилиб, қоидабузар бўлиб турдим.

Яхшиямки, ходим одамгарчилик қилди. Ўшанда исмини сўраб олмаган эканман, майли, қаерда бўлса ҳам соғ бўлсин, одамгарчилик мени ҳам, уни ҳам тарк этмасин. Асосийси, ҳаммамизга хайрли оқибат насиб этсин!

01.03.2024

АЗИЗ КИТОБ

Ўн кунча олдин оилавий бўлиб Оқтошга чиқиб дам олиб келдик. Болалар тоққа кўтарилиб роса яйрашди, бир-бирларини тасвирга олишди, мириқиб ҳордиқ чиқаришди. Аммо ҳозир Оқтошдаги саргузаштлар ҳақида эмас, йўлда мени хурсанд қилган воқеа ҳақида айтиб бермоқчиман.

Қибрайдан ўтганимиздан кейин янги асфальт қилинган кўчага бурилдик. Теп-текис йўл, машина дегани қўққисдан яйловга чиқиб қолган отдек яйраб учиб кетаёзади. Бироқ бизга гижинглаган отдек йўл босиш насиб қилмади, аксинча, билмаган ҳолимизда кириш тақиқланган кўчага кирган эканмиз, дарров қўлга тушдик. Худди жилови тортилиб, қамчи билан пўписа қилинганда ювош тортган, жилов бўшатилишини кутган отдек вазиятни бошдан кечирдик.

Хуллас, постда турган формали ходим таёғини кўтариб тўхташ ишорасини берди. Бирин-кетин икки машинани четга олиб, ажабланганча тушиб келдик. Иккита ходим бизни “Нега тақиқланган жойга кириб келяпсизлар?” деган савол билан қарши олишди. У Қароргоҳга олиб борадиган йўл экан. Биз тақиқ белгисини кўрмай қолибмиз. Узр сўрадик, қайга бораётганимизни айтиб, вазиятимизни баён қилган бўлдик. Бундай дилхиралик билан бошланса, дам олиш ҳам татимас экан-да, деб турибмиз ичимизда. Ҳужжатларимиз ходимлар қўлида. Машиналарни кўчанинг бу томонига олиб ўтинглар, дейишди. Айтганларини қилдик. Ниҳоят, бизнинг ҳолатимизни тушунишди. Ходимларнинг каттароғи: “Машинангиз олдида турган Китоб бор-ку, у мен учун жуда азиз Китоб”, қолаверса, мен ҳар куни ота-онамнинг дуосини олиб ишга чиқаман. Сиз ҳам ота-она дуосини олиб йўлга чиқибсиз (суҳбат асносида бу ҳақда ҳам бироз гап бўлган эди), майли, энди қоидани бузманглар”, деган гаплар билан ҳужжатларимизни қайтариб, бизга оқ йўл тилади. Биз ҳам уларнинг ҳақига дуои хайр қилиб, йўлимизда давом этдик.

Йўлга чиқишдан олдин машинага юкларни жойлаганимизда китоблар, жумладан Қуръони карим белдан пастда турмасин деган мақсадда олд ойнанинг олдига қўйган эдик. Машинани ортга қайтарган пайтимда ота-онасидан дуо олган ходим Китобни кўриб қолган экан. 5-10 йил олдин худди шу Китобни кўрганда обдон текширишлар бошланишини эсланг.

Қуръонни азиз тутадиган, ҳар куни ота-она дуосини олиб ишга кетадиган ходимлар кўпайсин!

13.04.2021

image
Send as a message
Share on my page
Share in the group