Translation is not possible.

#мақола

Бундан қарийиб 38 йил олдин, 1986-йили Ўрта Осиёда биринчи бўлиб Тошкент политехника институти (ҳозирги ТДТУ) қошида "Робототехник ва информацион тизимлар" кафедраси ташкил топган. Кафедранинг асосчиси ва биринчи мудири, отам,  Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, техника фанлари доктори, профессор Пўлат Ҳасанов бўлган.  Ўша вақтларда ёпиқ бўлган собиқ Совет Иттифоқида бу соҳа эндигина ривожланиб келаётган эди. Лекин ривожланган бошқа давлатлар бу соҳада анча илгарилаб кетган эди. Ўшанда отам бу соҳанинг келажакда тутадиган ўрнини англаб, бу йўналишда шогирд ва талабаларни ўқитишни бошлаган эди. Яна ўша вақтларда сунъий ителлект бўйича ҳам илмий ишларни амалга оширди ва талабаларга ўқитишни бошлади.  Отам нафақат республикамизда, балки халқаро миқёсда тан олинган робототехника соҳасининг йирик олими эди.

Отамдан кейин бу кафедрани шогирдлари бошқариб келишди. Лекин баъзи сабабларга кўра бу кафедра орада бир муддат ёпиб юборилган эди. Аммо отамларнинг жонкуяр шогирдлари бу соҳани келажакда тутадиган ўрни беқиёслигини англаган ҳолда, кафедрани қайта ташкил этилишига эришишди. Ҳозирда кафедрани отамнинг яқин шогирдларидан бири бошқариб келмоқда. Ҳа, орадан шунча вақт  ўтсада, бу соҳа фақат ривожланиб боряпти. Ҳозирги кунда робототехника ва сунъий интеллект кўпгина соҳаларга кириб келди. Айниқса, оҳирги йилларда сунъий интеллект ҳақида кўп гапирилаётгани бунинг исботидир.

Кечагида шу кафедрага бориб отамнинг шогирдлари билан учрашиб келдим. Кўп ёритилмасада, бу соҳада кўпгина ишлар амалга оширилаётганига гувоҳ бўлдим. Кўзи ёниб турган бўлажак олимларни соҳага қизиқиб илмий изланишлар олиб бораётганини кўрдим. Яна мен мактаб давримда шу кафедрага бориб кўрган роботларнинг баъзи қисмларини сақлаб қўйилганини кўрдим. Улар менга ёшлигимни эслатиб юборди.

"Эламакон ёки Диёнат сайёрасига йўл" китобимда инсонларни фаровон яшаши учун бу соҳанинг тутган ўрни ҳақида ёзган  эдим. Бизнинг мамлакатда ҳам бу соҳа ривож топиб, шу соҳанинг олимлари кўпайиб, дунёнинг энг илғорлари орасида бўлишини истардим. Токи бу соҳадаги ихтиролар фақат инсон фаровонлиги ва камолати учун хизмат қилсин!

Abdulkarim Hasan

image
image
2 views
Send as a message
Share on my page
Share in the group