Çeviri imkansız.

ХИЖОЛАТ БЎЛАРМИШ

Нотаниш рақамдан қўнғироқ бўлди:

- Ака, сиз билан кўришсак бўладими, гапим бор эди?

- Бўлади, аммо гапингиз бўлса телефон орқали гапираверинг, кўришсак ҳам, телефон орқали ҳам шу қулоқларим билан эшитаман.

- Илтимос, кўришиб гаплашадиган гап эди-да.

- Майли, "Чорсу" бозори олдидаман, келаверинг.

Ўн дақиқада суҳбатдошим етиб келди, ёши 30 - 35 лар атрофида, гавдаликкина йигит экан.

Кун совуқ бўлгани учун мошинамга таклиф қилдим.

Йигит бир оз жимликдан сўнг гап бошлади:

- Россияга кетмоқчийдим, запретим борлиги учун кетолмадим, менга маслаҳатингиз керак.

Уч нафар фарзандим бор, аслида бешта болам бор-у, иккитаси аввалги хотиним билан яшашади.

Ҳозир қиш бўлгани учун иш йўқ, шунга маслаҳатингиз керак эди.

- Хўш, нима маслаҳат керак?

- Шу қиш тугагунча тирикчилик учун пул бериб турсангиз, иш топиб, ишлаб қайтараман.

- Нима иш қилмоқчисиз?

- Бирорта иш топаман-да.

- Россияга боролмадим, дедингиз, нима сабабдан запретга тушгансиз?

- Алиментни беролмаганим учун аввалги хотиним судга берибди.

- Ука, "қўлдан берганга қуш тўймабди" деган мақол бор, ҳозир сизга пул берганим билан муаммойингиз ҳал бўлмайди, яхшиси, мен сизга иш топиб берай.

- Ока, иш топилганда ўзим топиб олардим, сизни олдингизга ёрдам сўраб келдим, уйда тирикчиликка вообшем ҳеч нарса йўқ, онамни пенсиялари ҳеч нарсага етмаяпти, отам ўлганла, етимман окаа.

Йигитнинг гапида сал дағаллик ва норозилик оҳанги сезила бошлади.

- Хўп, тушундим, мана, бозорнинг олдида турибмиз, ҳўв наридаги арава тортаётган йигитларни кўраяпсизми?

Шу йигитлар кунига яхшигина пул топишади ва баъзан муҳтож оилалар учун оз - оздан пул йиғишиб гурунч ёки ун олиб тарқатишадиям.

- Э-э, қўйсангиз-чи, шуям ишми, деди йигит энсасини қотириб.

- Билими ва ҳунари йўққа бу ҳам иш-да ука, хоҳласангиз битта янги арава олиб бераман, яхшироқ иш топилгунча шу ерда тирикчилик учун ишлаб турасиз.

- Йўқ, раҳмат ака, танишлар кўриб қолса одам хижолат бўлади.

- Яхши, унда бошқа бир иш бор, дедим-да мошинамни юргазиб ҳовлимиз олдидаги кўмир бозори олдига олиб бордим.

- Бу ер кўмир ва ўтин бозори, ҳўв анови катта мошинадан кўмир тушираётган йигитларни кўрдингизми?

- Ҳм-м, кўрдим, башараларигача қорайиб кетибди-ку, деди йигит янаям энсасини қотириб.

- Тўғри, аммо улар кунига яхшигина пул топишади, бирортаси рўзғоридан нолимайди.

Яхши топишганидан тушлик ва кечки овқатга ҳўв нарироқдаги "Нур" кафесига боришади.

Қорайган юз - қўллари эса ювса кетади, затў ҳалол пул топишади, баракалари бор.

Шу пайт мошинада ўтирганимни кўриб фурадан кўмир тушираётган йигитларни бири олдимга кела бошлади.

Йигит яқинлашганда ўғлим Абдураҳмон эканини танидим (юзига маска тақиб олган, бошқа жойлари кўмир кукуни билан қопланган қоп - қора эди).

- Ассалому алайкум, дада, бирор хонадонга кўмир керакмиди, бир соатларда тушириб бўлиб кейин ташлаб келаман.

- Йўқ болам, шунчаки бошқа иш билан келгандим, болам, айт-чи, шу ишинг учун неча пул беришади.

- Уч соатчада тушириб бўламиз, 250 - 300 минг беришади. Бекорчиликдан кўра ҳарна-да.

- Яша ўғлим, бор ишдан қолма. Ҳа, тўхта, бир яхши йигит бор, ишлагиси бор, мободо келса, иш топиладими?

- Ҳа, иш навалку, кўмир майдалаш, тушириш ва юклашга доим иш бор.

Ўғлим ишига қараб югуриб кетди.

- Мана иш, ишлайсизми?

Ёнимдаги йигит бироз ажаблангандек менга қаради-да:

- Ака, бу иш ҳам сезонний-ку, баҳорда тўхтайди.

- Тўхтаса, яна бошқа иш топасиз, ҳозирча тирикчилик қилса бўладиган иш-да.

Йигитнинг юзлари қизариб, асабийлаша бошлади.

- Тўғриси, бунақа ишлар менга тўғри келмайди, менга иккитагина "қоғоз" (доллар) бериб турсангиз қишдан чиқиб олардим.

- Ука, мана иш, соғломсиз, қарз олгандан кўра ўзингиз ишласангиз беминнатроқ бўларди.

Йигит баттар қизара бошлади.

- Ока, ман сиздан қарз сўраяпман, еб кетарга сўрамаяпманку, карочи, ман бунақа иш қилмайман, савоб учун қарз бериб туринг, илтимос.

- Йўқ, қарз беролмайман, биринчидан, мен сизни танимайман, иккинчидан, соппа - соғсиз, учинчидан, тайёр ишни рад этаяпсиз, тўртинчидан, мен кимга қандай ёрдам зарурлигини яхши биламан, так что, саломат бўлинг, узр.

Менинг ҳам асабим бузила бошлаганини сезди шекилли:

- Э-э, карочи, бўлди, сизни тушундим, деди-да, мошинадан тушиб қарс этиб эшикни ёпиб йўлнинг нариги томонига ўтиб, дамас тўхтатиб, ўтириб жўнаб қолди.

Ҳалол меҳнат баъзилар назарида "паст иш" ёки "хорлик" деб тушунилиши кибрдан бўлади.

Бўлган воқеа шу.

Шу ўринда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир ҳадисларини эслатгим келди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан рйвоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Қиёмат куни уч тоифага Аллоҳ гапирмайди, уларни покламайди ва уларга назар ҳам солмайди. Уларга аламли азоб бўлади: зинокор чол, каззоб подшоҳ ва мутакаббир камбағал».

Муҳаммад Икром

image
Mesaj olarak gönder
Sayfamda paylaş
Grupta paylaş