Translation is not possible.

Бозор гавжум. Кекса дехқоннинг сабзисига харидор бўлдим. Мушак сабзи. Нокдек ярақлаб турибди. Мендан олдин келган шляпали харидор савдолашгунча пойлаб турдим. Шляпали сабзини қопи билан оладиган, дехқон нархини туширадиган бўлди.

- Манави қоп неча кило чиқади? - деди харидор бўғзигача тўлдириб, устига сабзи барги солинган қопни кўрсатиб.

- Эллик кило, болам, - деди дехқон.

- Харқалай, тортиб кўрсакмикин? - деди харидор иккиланиброқ.

- Бемалол, болам, бемалол! - Дехқон раста бошига имо қилди. - Хов, анави ерда катта тарози бор. Аравачи болани чақирсанг, қопи билан олиб борасан. Бирпасда тортиб кўрасан.

Шундай бўлди. Харидор қопни темир аравага орттириб олиб кетди. Бир оздан кейин бола аравани судраб келди. Кетидан харидор хам етиб келди.

- Ота, - деди, киссасини ковлаб, - қопингиз қирқ беш кило чиқди.

Дехқон гох харидорга, гох қопга хайрон бўлиб қаради. Чиндан хам қопнинг оғзи очилмаган, хатто сабзи барглари хам жойида эди. Тирноқлари қорайиб кетган бармоқлари билан соқол-мўйловини силади. Кейин сабзи тўла қопни беозор шапатилади.

- Нега менга тухмат қиласан, ноинсоф қоп?! - деди бош чайқаб. - Оппоқ соқолим билан ёлғон гапираманми, эси паст қоп! Шунча йил мехнат қилиб, бировнинг хақига хиёнат қилганимни кўрганмидинг, нобакор қоп! Эртаматтан ўз қўлим билан тортганимда эллик кило чиққандинг-ку, турган жойингда беш кило сабзини еб қўймагандирсан, ёлғончи қоп?!

Пул санаётган шляпалининг ранги ўчди. Бир зум кўзини пирпиратиб турди-да, ўзини оломон орасига уриб, ғойиб бўлди.

- Болам, - деди дехқон анграйиб қолган аравакашга, - сабзини жойига опқўяқол, барака топкур. “Қоп” шунча мулзам бўлгани етар. Энди минбаъд ёлғон гапирмайди!

Дехқоннинг тирноқлари қорайиб кетган қўлини махкам сиқиб қўйгим келди...

Ўткир Хошимовнинг “Дафтар хошиясидаги битиклар”идан

Send as a message
Share on my page
Share in the group