Translation is not possible.

ҲАҚИҚИЙ ТОЛИБ

Андалус олимларидан, буюк муҳаддис Бақи’ ибн Михлат Имом Аҳмад ибн Ҳанбалдан ҳадис эшитиш мақсадида машриққа пиёда келган экан. Бағдодга яқинлашганида Имом Аҳмадни мўтазила эътиқодига қарши чиққани учун ҳалифа Маъмун уй қамоғига тиққанини эшитиб, қаттиқ ғамга ботди.

Шу куни шаҳардаги масжидга борди. У ердаги илм халқасида ўтириб, устоз Яҳё ибн Маъин (катта муҳаддис, Имом Бухорийнинг устозларидан)дан Аҳмад ибн Ҳанбалнинг ҳолатини сўраб, у зотнинг уйларига борибди. Биров кўриб қолишидан хавотирда ичкарида гаплашибдилар. Аҳмад ибн Ҳанбал сўрабдилар:

- Қаердан келдингиз? Узоқданми? Африқияданми?

- Йўқ, ундан ҳам узоқдан, Андалусдан келдим, фақатгина сиздан ҳадис ўрганиш мақсадида келдим.

- Билгандирсиз, ҳалифа мени илм беришдан, масжидга чиқишдан маҳрум қилди…

- Ҳазрат, агар йўқ демасангиз бир ҳийла ишлатсам. Ҳузурингизга ҳар куни гадо қиёфасида келаман-да, оз муддат ичида менга битта ҳадис айтиб берсангиз бўлди, кетавераман.

Бақи’ ибн Михлат ҳикоя қилади:

“Ҳар куни жулдур кийимларда, қўлимга эгри таёқ тутиб Аҳмад ибн Ҳанбалнинг олдиларига келар, у зот баъзан битта, баъзан эса 2-3 та ҳадис айтиб берардилар. У зотдан шу йўл билан 300 дан зиёд ҳадис ёд олдим. Маъмун дунёдан ўтиб, Аҳмад ибн Ҳанбал машҳур уламо бўлиб, буюк муҳаддисларга дарс берадиган бўлдилар. Буюк мужтаҳид шунча буюк муҳаддисларга дарс бераётиб, ҳузурларига келсам, ёнларидан жой бериб, толибларга шундай дер эдилар:

- Мана буни ҳақиқий толиби илм дейди! У гадойлик қилиб бўлса-да, мендан илм ўрганди.

Бир куни касал бўлиб қолганимдан хабар топган имом шогирдлари билан мен ётган карвонсаройга келдилар. Шу даражада олимлар кўп эдики, ҳатто одам сиғмади. Дуо қилиб кетдилар. Шундан сўнг, ҳамма мени ҳурмат қиладиган, зиёратимга келадиган бўлди.”

Устоз Ёрқинжон домла мавизаларидан.

Send as a message
Share on my page
Share in the group