Бугун яхшилик қилиш-қилмаслик, одамларнинг айбларини кечириш-кечирмаслик қалбнинг эмас, нафсимизнинг хоҳиши бўлиб қолди. Шунинг учун ёмонликни яхшилик ила даф этиш жуда оғир туюлмоқда. Саломни Оллоҳ учун бермаганимиз сабабли алик олмаганга иккинчи марта салом беришга иззат-нафсимиз йўл қўймаяпти. Бир яхшиликни Оллоҳ учун қилмаганимиздан кейин ўшанга яраша раҳмат эшитмасак, тамом, йўлни шарт кесяпмиз. Бировдан дилозорлик кўрсак, ҳақорат эшитсак ҳам, бўлди, унинг устидан не-не ҳукмларни ўқимаяпмиз. Биз қандай Зотнинг бандасимиз, қайси пайғамбарнинг умматимиз, ўйлаб кўролмаяпмиз ҳам. Чунки ўй-фикрларимиз тиниқ эмас. Лойқаланиб кетди. Ўтган ишга саловот айтишга бўйнимиз ёр бермайди. Бунинг учун баҳонаю сабабларимиз ҳамиша тайёр.

Аммо бошидан ўтказган одам сифатида айтаман, нафсингизга хуш келмаган нарсани Оллоҳга ҳавола қилиб кўринг, ҳаловат топасиз. Хотиржам бўласиз, куйиб-пишмайсиз, асабийлашмайсиз, яхшилик қилишдан чарчамайсиз ҳам... Яхшилик қилувчининг ёрдамчиси Оллоҳ! Унутманг!

2020

Send as a message
Share on my page
Share in the group