UMMA TOKEN INVESTOR

Translation is not possible.

БОЙЛИК - СИНОВДИР.

Йўқчиликдан кўра тўқчиликдаги синов оғирроқ.

Ҳамма ҳам бу синовдан ўтолмайди.

Аллоҳ берган ризқни У рози бўлган томонга сарфлашда адашиб кетиб қолиш мумкин.

Аллоҳ кимгадир бойлик берса, у инсон, “буни Аллоҳ менга, фақат ўзим ва аҳлим фаровон яшаши учун берди” деб ўйлаб, қўлидаги молни тамомила ўз нафси буюрган ишларга, эҳтиёжидан ортиқ нарсаларга, одамларни лол қолдириш учун ўйлаб топилган риёкорлик ишларига сарфлашни бошлаши, унинг бойлик имтиҳонидан ўта олмаганининг белгисидир.

Энг яхши таомни у ейиши, энг яхши кийимни у кийиши, энг ҳашаматли уйда у яшаши, энг қиммат уловда у юриши шартдек фақат шунга тиришади, фақат шу учун курашади, ва унутади…

Аллоҳ бу бойликни унга вақтинчалик дунёда хайрли амаллар қилиб олиши учун, Аллоҳ рози бўладиган жойларга сарфлаши учун, масалан, фақир-мискинларга, етимларга, мусофирларга, илми толибларга, Аллоҳ йўлида юрган мужоҳидларга, беморларга ва ҳоказо эҳтиёж соҳибларига ёрдам бериши учун берган бўлиши мумкинлигини унутади.

Инсон қўлига мол-давлат келиши билан, кўзини ёғ босишни бошлайди. Атрофидаги энг яқин инсонларнинг - жигари, қондоши, дўсти, қўшниси ҳолини кўрмайди, ҳис қилмайди.

Аксинча, яқини энг бирламчи нарсаларга муҳтож турсада, бу бойвочча иккиламчи нарсаларда дабдабага зеб беради, ошна-оғайнилари олдида зўр эканини кўрсатиб қўйгиси келади.

Бой-бадавлат бегоналар билан ош-қатиқ бўлиб,бир қориндан талашиб тушган, аммо мискин жигарини нари суриб қўяди. Мансабдор шахсларга, бизнес ҳамкорларига минг-минг долларлаб ҳадяларни тортиқ қиларкан, даволанишга пул тополмай, тўшакка михланган қариндоши ёки ёшликдаги дўстини иккита нон билан йўқлашга ярамайди…

Инсон Аллоҳдан мол-давлат сўраркан, бу молни тўғри йўлга сарфлаш илмини ҳам англатишини ва тавфиқ беришини ҳам сўраши лозим.

Акс ҳолда мол-давлат унга неъмат эмас, бу дунёда иллат ва охиратда надомат бўлиши мумкин.

Бугунги кунда дунёдаги ночор мусулмонлар ҳолига қараб, “Нега бой мусулмон давлатлар ёрдам бермаяпти?” деб ёзғираяпмиз.

Аслида улар ҳам биз каби ожиз инсон ва берилган бойлик синовидан ўта олмаётган бандалардир.

Уларни маломат қилишдан аввал ўзимиздан сўрайлик:

Қачон охирги марта, яқин инсонларимиз ҳоли ҳақида қайғурдик? Биз уларнинг оғриғини ҳис қилолдикми?

Биз фаровонликда эканмиз, қўшнимиз оч ўтирган бўлиши мумкинлигини ўйлаб кўрдикми? Биз ҳашаматли уйимизнинг дизайнидан ичимиз чиқмай турганимизда, бир қариндошимиз уйи йўқлигидан ижарама ижара сарсон эканини ўйладикми?

Биз боламизга энг сўнгги русумда телефон совға қилаётганда , оиласининг ночорлиги сабаб бозорда арава тортиб ёки машина шиналарини қорайтириб рўзғорга пул топишга мажбур қолаётган болаларни ўйладикми?

Биз дабдабали тўйлар қиларканмиз, бир қариндошимиз қўли юпқалигидан ўғлини уйлаб, ёки қизини чиқара олмаётганини ўйладикми?

…” каби саволларни бериб кўринг…

Агар жавобингиз ижобий бўлса, сизни табрик этаман!

Инсон экансиз! Чин мўъмин экансиз!

Агар акси бўлса, ўзингизни ислоҳ этиш чораларини қилинг…

Аллоҳ сизга мол-дунёнинг ўзингиз ақлли ва уддабурон эканингиздан эмас, балки Ўз фазлидан берди. Истаган пайтида сиздан олиб, ўша сиз назарга илмаган, тўкин ҳаётингизни кўз-кўзлаб кўнглини ўкситганингиз мискинга бериб қўйиши мумкин.

Ҳар бир неъматнинг муқобилида шукр бўлиши шарт. Инсон, унга берилган мол-давлатнинг шукрини, ҳақдорларга ҳаққини бериш билан адо этади.

Ҳар бир бойнинг қўлидаги молда, атрофидаги фақир-мискинларнинг ҳаққи бор.

Фақирга эҳсон қилаётганда, у зўрға топиб еяётган арзимас нарсалар, зўрға топиб кияётган арзон-гаров кийимлар кўринишида эмас, ўзингиз еяётган ўша шоҳона таомлардан эҳсон қилишингиз, ўзингиз кийгандан кийдиришингиз ҳақиқий эҳсон бўлади. “Бунга бўлаверади” деб, ўзингизга раво бўлмаган нарсаларни бериш, уларни баттар камситиш, хор кўриш, ўзингизни улардан устун кўриш, кибрдир. Кибр эса гуноҳи кабирадир.

Аллоҳ бу дунёда истаган бандасига Ўзи истаганча беришга қодир.

Кимнидир бой, кимнидир фақир қилди. Ва бу тафовутни мувозанатга келтириш учун шариатда закотни фарз қилди.

Токи бойлар, ўзларининг устидаги ҳақдорларнинг ҳаққини чиқариб, закотини бермас эканлар, ана шу адолат мезонини бузаётган ва бировнинг ҳаққини еяётган бўлаверадилар.

Рамазон яқинлашар экан, моли нисобга еткан ва Исломга тўлиқ амал қиладиган мусулмонлар молларини сарҳисоб қилиб, закот чиқаришни бошлайдилар. Ҳар бир закотга қодир инсонларга, содақотларини ҳақиқий ҳақдорни топиб бериш насиб этсин.

Аллоҳим олувчи эмас, берувчи қўллардан қилсин, хор қилувчи фақирликдан ва туғёнга кетказувчи бойликдан сақласин!

Малохат Анвар ✍🏼

Истанбул. 2024. Март

Send as a message
Share on my page
Share in the group
MuslimaTeleboshlovchi Changed her profile picture
11 month
Translation is not possible.

image
Send as a message
Share on my page
Share in the group