Translation is not possible.

#Пост мавзуси: Интизом ҳосил қилиш.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Кириш:

Аллоҳ йўлида илм одиш, чет тилларини ўрганиш, янгидан-янги билимлар олиш, фойдали одатларни ўзингизга касб қилиб олиш ва бу ёлғон ҳаётдан тўлақонли фойдалана олиш учун бугунги кунда аввало Аллоҳнинг тавфиқи, интернет ва интизомнинг ўзи етарлидир. Биз интизом билан туғилмаганмиз – бу онгли ҳолат бўлиб, бунга йиллар давомида эришилади. Аммо баъзида дангасалик, интизомсизлик туфайли ҳеч нарсага эриша олмаймиз. Хўш, барча нарсага эришиш учун, аввало, интизомга эришиш керак экан, унда интизомга қандай эришилади? Қуйида шу ҳақида суҳбатлашамиз.

Интизомга еришиш йўллари:

1. Аллоҳдан мадад сўранг:

Ал ҳамду лиллаҳ биз мусулмонмиз. Ўз навбатида жоҳил моддапарастлардан фарқли ўлароқ бизни Роббимиз белгилаб берган ўз қоида ва интизомларимиз бор. Интизомга еришишда ҳам аввало яратган Аллоҳдан куч ва мадад сўраб чин дилдан дуо қилишимиз даркор. Масалан:

‏اللهم اهدنا الصراط المستقيم

Аллоҳим, бизни тўғри йўлга ҳидоят қил!

Ушбу фотиҳа сурасидан жой олган дуони менимча ҳаммамиз биламиз. Шу шу каби дуолар қилиш баробарида жамоат ичида ва ҳилватда Аллоҳга тақво қилиш лозим. Зеро Аллоҳ таоло айтганидек:

‏ومن يتق الله يجعل له مخرجا

Ким Аллоҳга тақво қилса, албатта Аллоҳ унинг йўлини очиб қўяди.

2. Аниқ мақсад қўйинг:

Кун ёки ҳафта давомида эришишингиз керак бўлган кичик, аммо аниқ мақсадларни қўйинг ва ишни уларга эришишдан бошланг. Катта мақсадлар ва орзуларга эришиш қийиндек кўринади ёки узоқ муддат учун белгиланган мақсадларга эришиш учун ҳали вақтингиз бордек туюлади ва дангасалигингиз устун келади. Шунинг учун ҳам қисқа муддатда кўпроқ ишларга улгуришга ҳаракат қилинг. Аниқ мақсадлар учун аниқ муддатлар ҳам белгиланг.

3. Тасаввур қилинг:

Ўзингизни мақсадларингиз ва орзуларингизга эришган инсондек тасаввур қилиб кўринг. Бу сизга нафақат мотивация, ҳатто куч ҳам беради. Дангасаликдан қутулиб, маълум бир кун тартиби бўйича ҳаракатланишга ўргатади. Бунда сиз нафақат мақсадга эришганингиз, балки унга эришиш жараёнидаги ҳолатингиз ва машаққатларни ҳам тасаввур қилинг ҳамда уларга руҳан тайёр туринг. Айнан енгилмоқчи, барчасини ташлаб кетмоқчи бўлган пайтингиз мақсадингизга яқин қолганини билдиради. Бундай пайтда эса, енгилиш ва дангасалик қилиш ярамайди.

4. Ёзинг:

Интизомга эришиш учун қилинадиган ҳаракатларингиз олдиндан режалаштирилган бўлиши керак. Барча режаларингизни қадамма-қадам қоғозга туширинг, унинг “скелети”ни эса миянгизга муҳрлаб олинг. Ёзилган режа бўйича ҳаракатланиш ҳам интизомга эришишда муҳим ўрин эгаллайди. Буни ҳатто биринчи ўринга қўйиш ҳам мумкин. Чунки агар сиз ҳатто ёзилган режаларга қатъий интизом билан амал қила олмас экансиз, бошқа мақсадлар ҳақида бош қотириш ўринлимикан?!

5. Қурбонлик қилишни ўрганинг:

Ўзингизга раҳм қилманг. Ҳозирда муваффақиятга эришган инсонлар ҳаётини ўрганинг. Энг камбағал оилада туғилган, ота-онасиз улғайган ва ҳатто ногирон инсонлар ҳам энг муваффаққиятли инсонлар рўйхатидан жой эгаллаган. Қандай қилиб? Уларда сиздаги барча шароитлар мавжуд бўлган деб ўйлайсизми? Ёки, улар каби муваффақиятга эришиш учун худди улар каби ҳаётни яшаб ўтиш керакми? Йўқ, бунинг учун интизомнинг ўзи етарли. Интизомга эришиш учун эса, ўзингизни аяманг. Ҳаракат қилишдан тўхтаманг, ўз “комфорт зона”нгиздан чиқинг. Дангасалигингизни қурбон қилиб, мақсадларингизга эришинг. Унутманг, ҳар қандай қурбонлик – интизомнинг ғалабасидир.

6. Мақсадларингизни айтинг:

Яқинларингиз ва дўстларингизга мақсадларингизни айтиб беринг ва сизни бу йўлда кузатиб боришларини тайинланг. Ҳар сафар мақсад қўйиб, уни овоза қилиб, кейин унга эриша олмаганингизда улар олдида уялиб қолишингизни ўйлаб ҳам мақсад сари ҳаракат қилаверасиз. Сизга нисбатан қилинган беҳурматлик ҳам яхши мотиватор ҳисобланади. Агар табиий равишда интизомга эриша олмас экансиз, унга шу каби усуллар билан ҳам эришиш мумкин. Ҳар сафар, ҳатто кичик мақсадингизга эришганингизда ҳам улар олдида ғурур ҳиссини туясиз ва бундан ҳам кўпроғига қодир эканлигингизни ҳис қиласиз.

7. Камчиликларингиз устида ишланг:

Нима сизни мақсадларингиздан чалғитади? Айнан қандай вазиятларда дангасалигингиз тутади? Буларнинг барчасини аниқлаб олинг ва улар устида ишланг. Ижтимоий тармоқлар, дўстлар билан кўнгилхушликлар мақсадларингизга эришишингизга халақит бераётган бўлса, улардан чекланишдан сизни нима тўсиб турибди? Ўз камчиликларингизни хислатга айлантиришни ўрганинг. Улардан тўғри хулоса чиқаринг ва баъзида ўзингизга дам беришни ҳам унутманг.

Аввалига қийин кунлар доимо бўлади, аммо бироз сабр қилиб мақсад сари интилсангиз, синовлар ортидан роҳат ва завқ кела бошлайди.

Жиддий ва қатъий ҳаракат қилиб, аниқ мақсад қўйиб сиз барча орзу ва мақсадларингизга эришишингиз мумкин. Энди эса, боринг ҳаракатни бошланг!

✍️ Абу Сулайман

Send as a message
Share on my page
Share in the group