Translation is not possible.

Борлиқдаги сабабият қонуни

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.

Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳар бир нарса ўзидан бошқа нарсага муҳтожлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Ҳар бир одам ўзининг ва ўзига ўхшаган одамларнинг нимага муҳтожлигини ва нимага муҳтож эмаслигини ҳам яхши билади.

Бир нарсанинг ҳосил бўлиши учун эҳтиёжи бор нарсани сабаб дейилади. Мисол учун тўйиш учун таомга эҳтиёж бор. Тўйишнинг сабаби таом.

Эҳтиёжи бор тарафни эса мусаббаб дейилади.

Дунёдаги барча нарсалар ўзидан бошқа нарсага сабаб бўлиши билан бирга яна бошқа бирига мусаббаб ҳам бўлади. Яъни, бир нарсага эҳтиёжи тушса, бошқа бир нарсанинг унга эҳтиёжи тушади.

Яна ҳам тушунарлироқ бўлиши учун мисол келтирайлик. Бир одамнинг дунёга келишига ота-онаси сабаб бўлади. У эса боласининг дунёга келишига сабаб бўлади. Уруғ ўсимликнинг ўсишига сабаб бўлади. Ўсимлик уруғнинг пишишига сабаб бўлади. Қўйингки, бу дунёдаги ҳар бир нарса шунга ўхшаш бошқасига боғлиқ ва улар бир - бирларига сабаб.

Аммо мазкур сабабларни чуқурроқ ўрганилса, уларнинг ҳаммаси бориб бош сабабга – Аллоҳ таолонинг Ўзига тақалиши кўрилади.

Агар тааммул ила ўйлаб кўрадиган бўлсак, бир нарса бошқасининг пайдо ёки йўқ бўлишига ёхуд ўзгаришига таъсир ўтказмаса сабаб деб аталиши мумкин эмас. Бас, таъсир қилувчи сабаб экан унинг таъсири доимий бўлиши керак. Агар таъсири йўқоладиган бўлса, сабаблиги ҳам қолмайди. Ана шу тарзда доимий такрорланиш оқибатида бизда фалон нарсанинг фистон нарсага таъсири бор. Бу нарса у нарсанинг сабабчиси деган маънодаги тушунчалар пайдо бўлган.

Аммо бу ўша нарсаларнинг ўзида таъсир кучи бор дегани эмас. Агар шундоқ бўлганида мазкур нарсалар Аллоҳ таоло томонидан яратилганига шубҳа туғилар эди. Аслида ҳақиқий таъсир қилувчи Аллоҳ таолонинг Ўзи. У зот борлиқдаги нарсаларни таъсир учун восита қилиб қўйган, холос.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, табиатдаги мажудотлар ва ҳодисалар Аллоҳ таоло жорий қилган ушбу сабабият қонуни асосида жараёндадир. Тупроққа сув қуйилса, лой бўлади. Лойнинг суюқ ёки куюқлиги унга қуйиладиган сувнинг миқдорига қараб бўлади. Ушбу ишга киришганлардан қай бири мазкур тупроқ ва сувдаги ҳамда уларнинг қўшилишидаги хусусятларни яхшроқ ўрганса, тажриба орқали кўпроқ илм ҳосил қилади ва ўша илм унга фойда беради. Шунингдек, сув маълим даражадаги иссиқликда қайнайди. Ўша иссиқликни кофир ишлатадими, мўмин ишлатадими фарқи йўқ. Маъданлар ҳам маълум иссиқликда эрийди. Уни мусулмон эритадими, насронийми ёки яҳудийми фарқ йўқ. Кимёвий тажрибалар ҳам шундай. Уни диндор ўтказаятими, динсизми фарқ йўқ. Аллоҳ таоло табиатда жорий қилиб қўйган қонун асосини тажриба орқали англаб уни ўз фойдасига ишлатган инсон учун фойда етаверади.

Инсон қўл остида турган нарсаларни ўрганишга ҳаракат қилиши керак, дейдилар имом Ғаззолий. Мисол учун, нима учун темирни оловга тутса, куймайди-ю, пахтани тутса, куяди? Мана шу масалани ўйлаб кўриш керак. Пахта ўзида куйишга қобилияти борлиги учун куймоқдами ёки оловдаги куйдириш қобилияти ила куймоқдами?

Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳининг бу фикрлари мусулмонларда тажрибий илмларнинг келиб чиқишига ва ривожланишига сабаб бўлди. Имом Ғаззолий тажрибий илмларнинг келиб чиқишига туртки бўлган фикр соҳиби сифатида дунё илмий тарихида муносиб жой олган улкан ақл соҳиби бўлмиш мусулмон шахс сифатида машҳур бўлдилар. Ўрта асрларда мазкур назарияга амал қилароқ Ислом оламида табиий илмлар кенг ривож топти. Улардан аста-секин овропаликларга ўтди ва улар бу илмларни яна ҳам ривожлантириб, катта муваффақиятларга эришдилар.

Европаликлар черковнинг исканжасидан қутилганларидан кейин тажрибий илмларга қаттиқ берилдилар. Бу илмлар орқали улар шуҳрат ва бойлик топиш имконлари кўп эканини билишганидан кейин яна ҳам қаттиқроқ уринишга ўтдилар. Оқибатда жуда ҳам кўп натижаларга эришдилар ва эришмоқдалар.

Send as a message
Share on my page
Share in the group