Лаа Илаҳа Иллаллоҳ айтиб,
Мўмин деган бир унвон олдик.
Аммо яна гуноҳга қайтиб,
Мусулмонга ўхшамай қолдик.
Май тўлдириб хум ва кўзамиз,
Ичдик шароб, тотдик бўзамиз.
Қилмай тоат, тутмай рўзамиз,
Мусулмонга ўхшамай қолдик.
Қизига шим танлаюр ота,
Доооод виждонин иблисга сота.
Гуноҳ деган ботқоққа бота,
Мусулмонга ўхшамай қолдик.
Тупурди қалб булоғимизга,
Бомдод чоғи гар ухлаб олдик.
Шайтон "суйиб" қулоғимизга,
Мусулмонга ўхшамай қолдик.
Ўз кўксимни тиғлаб айтяпман,
Дилга малҳам излаб айтяпман.
Кулиб эмас йиғлаб айтяпман,
Мусулмонга ўхшамай қолдик.
Бизларда йўқ хаё ва ибо,
Хар томонда фахш, кибр, рибо.
Г'ам қасрига қилиб мархабо,
Мусулмонга ўхшамай қолдик.
Энди эса юрибмиз додлаб,
Фарзандимиз иблисни шодлаб-
Қуръон эмас, рок юрса ёдлаб,
Мусулмонга ўхшамай қолдик.
Талоқ деган сўзга чўкдик тиз,
Ёр туғса гар ўғил эмас қиз.
Бошқаларни билмадиму биз,
Мусулмонга ўхшамай қолдик.
Қилган минглаб гуноҳимиздан,
Пушаймонга ўхшамай қолдик.
Хаё қилмай Паноҳимиздан,
Мусулмонга ўхшамай қолдик.
Қуръон ётур жавонда бекор,
Жойнамозни сандиққа солдик.
Кечир бизни ё Парвардигор,
Мусулмонга ўхшамай қолдик.
Юрак қолди иймондан бўшаб,
Юравердик кибримиз тўшаб.
Ажнабийга шу қадар ўхшаб,
Мусулмонга ўхшамай қолдик.
@A_meshayan
10:16-08.02.2016
Абдураҳмон Мешаян