Translation is not possible.

ВАЪДАГА ВАФО!!!

УСОМА ИБН ЗАЙД Розияллоҳу анҳу.

«Агар сен шернинг оғзига тушсанг, мен сен билан унинг оғзига киришга тайёрман, аммо бу ишни қила олмайман»

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ўзларининг «Муснад»ларида Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни Жуҳайнанинг ерларидан Ҳурқага юбордилар. Биз уларни тонг чоғида босдик. Уларнинг ичида бир одам бор эди. Улар биз томон бостириб келсалар, ўша одам ичларида бизга қарши энг ашаддийси бўлар эди. Агар қочсалар, у орқаларини ҳимоя қилиб борар эди. Мен ансорийлардан бири билан унинг устига бостириб бориб қолдим. Биз унга етай деб қолганимизда у «Лаа илаҳа иллаллоҳу!» деди. Ансорий тўхтади. Мен уни қатл қилдим.

Бас, бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борди. Бас, у зот:

«Эй Усома! «Лаа илаҳа иллаллоҳу», деганидан кейин ҳам уни қатл қилдингми?!» дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, уни ўлимдан қутулиш учунгина айтди», дедим.

У зот ўз гапларини қайта-қайта такрорлайвердилар, такрорлайвердилар. Ҳатто «Ўша кунгача мусулмон бўлмай турсам бўлар экан», деб орзу қилдим».

Ушбу ривоятни Имом Бухорий ва Муслимлар ҳам келтирганлар.

Ибн Исҳоқнинг ривоятида:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келганимизда хабар бердик. Шунда у зот:

«Эй Усома! «Лаа илаҳа иллаллоҳу»дан кейин сенга ким шафоат беради?!» дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, уни ўлимдан қутулиш учунгина айтди», дедим.

«Эй Усома! «Лаа илаҳа иллаллоҳу»дан кейин сенга ким шафоат беради?!» дедилар.

У зотни ҳақ ила юборган Зотга қасамки, менга ўша гапларни қайта-қайта такрорлайверганларидан «Олдин ўтган Исломим бўлмаса эди, Исломга бугун кирган бўлсаму, уни қатл қилмасам эди», деб орзу қилдим ва:

«Аллоҳга аҳд бериб айтаманки, энди ҳеч ҳам «Лаа илаҳа иллаллоҳу»ни айтган одамни қатл қилмайман!» дедим.

«Мендан кейин ҳам-а?» дедилар у зот.

«Сиздан кейин ҳам», дедим».

Ҳа, ўшанда Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу учун бир умрга етиб, ортадиган набавий дарс берилган эди.

Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу ушбу дарсни умр бўйи унутмадилар ва «Лаа илаҳа иллаллоҳу»ни айтган бирор кишига ёмонликни раво кўрмадилар.Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу ҳазрати Али розияллоҳу анҳуни жуда ҳам яхши кўрар ва ўта ҳурмат қилар эдилар. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ўзларига қарши чиққан мусулмон тоифаларга карши кураш бошлаганларида Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу ҳақ у кишининг томонида эканлигини яхши билар эдилар. Аммо бу ишда Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг ёнларида туриб, жанг қила олмас эдилар. Чунки у киши «Лаа илаҳа иллаллоҳ»ни ўз жонини сақлаш учун айтган мушрикни ўлдириб қўйиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир умрга етгулик танбеҳ олган эдилар. Ўшанда Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга у зотдан кейин ҳам «Лаа илаҳа иллаллоҳ»ни айтган бирорта одамга ёмонлик соғинмасликка ваъда берган эдилар.

Шу боис Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга одам юбориб:

«Агар сен шернинг оғзига тушсанг, мен сен билан унинг оғзига киришга тайёрман, аммо бу ишни қила олмайман», дедилар.

Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу ўша вақтдаги ихтилоф ва урушлар вақтида уйларидан ташқарига чиқмай ўтирдилар.

Баъзи яқин одамлари Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳунинг олдиларига келганда:

«Мен ҳеч қачон «Лаа илаҳа иллаллоҳ» деган бирор кишига қарши урушмайман», дедилар.

Шунда улардан бирлари:

«Аллоҳ «Ва улар билан то фитна бўлмагунча ва диннинг ҳаммаси Аллоҳга бўлгунча уруш қилинг», деган эмасми?!» деди.

«Улар мушриклар эдилар. Батаҳқиқ, биз улар билан то фитна бўлмагунча ва диннинг ҳаммаси Аллоҳга бўлгунча уруш қилдик», деб жавоб бердилар Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу.

image
Send as a message
Share on my page
Share in the group