Translation is not possible.

Жаннат аҳли нималарга афсус қилади?

Ҳадиси шарифда марҳамат этилишича:

"Жаннат аҳли Аллоҳнинг зикридан ғофил ҳолда ўтказган вақтларидан бошқа ҳеч бир нарсага афсус ва надомат туймайдилар". Яъни аҳли жаннат фақатгина Аллоҳнинг зикридан ғофил бўлиб ўтказган дунё ҳаётлари учунгина афсус ва надомат қиладилар.

Инсоннинг комил инсон бўла олиши учун Ҳақнинг амрларини маҳкам ушлаб, фикри мудом ва зикри мудомда қоим бўлиши керак. Бунда ҳеч бир баҳона ўтмайди.

Ҳадиси шарифда:

"Ҳисоб куни:

— "Нима учун зикрдан ғофил қолдинг?" дея сўралганида,

— "Дунё ишлари мени машғул қилди" деган одамга,

— "Сенинг ишинг Сулаймон (алайҳиссалом) бандамникидан ҳам кўпмиди? У ҳам дунё ҳукмдори, ҳам пайғамбар эди. Бир лаҳза ҳам Ҳақдан ғофил бўлмади."

Шунингдек бошқа бири:

— "Ҳасталигим монеъ бўлди" деганида,

— "Айюб (алайҳиссалом) бандамникидан ҳам ёмонроқ ҳастамидинг? Вужудининг ҳар тарафини ҳасталик ўраб олганди. Бир лаҳза ҳам Ҳақнинг зикридан узоқлашмади".

Бошқа бири:

— "Қийинчилик ва муаммоларим бор эди" дейди. Жавобан:

— "Юнус (алайҳиссалом) бандамникидан ҳам кўпмиди муаммойинг? У балиқнинг қорнида ҳам Ҳаққа тасбиҳ айтишда давом этди".

Яна бириси:

— "Қудуқларга, зиндонларга тушганим учун зикр қила олмадим" деганида,

— "Юсуф (алайҳиссалом) бандамникидан ҳам қийинроқ ҳолатдамидинг? У у ерларда ҳам бир лаҳза бўлса ҳам Ҳақнинг зикрини, фикрини, ҳикматини унутмади!" дейилади."

Бундай эътироз қилганлар ҳар доим мулзам бўладилар, овозлари ўчирилади, уяладилар ва пушаймон бўладилар.

Дунёда ихлосли инсонни Аллоҳнинг зикридан тўсадиган ҳеч бир тўсиқ йўқдир. Тўсиқ бўлган нарса нафснинг ва шайтоннинг иғвосидир.

Send as a message
Share on my page
Share in the group